Германия Федератив Республикаси Федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Тошкентдаги Гёте институтида бўлди. Ушбу муассаса олдидаги майдонда бунёд этилган Йоҳанн Вольфганг Гёте ҳайкали ва боғи очилиш маросимида қатнашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

XVIII асрда янги давр немис адабиёти асосчиси — Гётенинг «Фауст», «Мағрибу машриқ девони», «Ёш Вертернинг изтироблари» каби асарлари, фалсафий шеърларини халқимиз севиб мутолаа қилади.

Гёте мутафаккир аждодларимизнинг илмий ва бадиий мероси билан яхши таниш бўлган. Ибн Сино, Улуғбек, Алишер Навоий каби улуғ боболаримиз ижодини мутолаа қилиб, асарларида айрим туркий сўзларни аслиятда қўллаган.

Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистонда Гёте сиймосига эҳтиром мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янги руҳда давом эттиришга, маданий-маърифий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилишини таъкидлади.

Олий мартабали меҳмон Тошкентдаги Гёте институти фаолияти билан танишди.

Бугун Ўзбекистонда Германия академик алмашувлар хизмати, Конрад Адэнауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармаларининг ваколатхоналари, Немис халқ университетлари ассоциациясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича институти каби ГФРнинг кўплаб илмий-маърифий ташкилотлари муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.

Ўзбекистондаги 1842 мактабда 377 мингдан зиёд ўқувчи немис тилини ўрганмоқда. Шу жумладан, Тошкент, Самарқанд ва Марғилон шаҳарларида Германиянинг тил бўйича дипломини бериш ҳуқуқига эга махсус мактабларда 5 мингга яқин ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Ўқувчиларга 4450 га яқин ўқитувчи таълим беради.

Айни пайтда ўзбекистонлик 700 дан ортиқ талаба, илмий тадқиқотчи Германия олий таълим муассасаларида таълим олаяпти. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳузуридаги академик лицейлар битирувчиларининг 15 нафари Германия маданият ва таълим вазирлари Доимий конференциясининг немис тили дипломига сазовор бўлди.

Тошкентдаги Гёте институтининг асосий мақсади немис тилини ўргатиш, халқаро маданий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Германшунослар, талабалар, умуман, барча қизиқувчилар институт ўқув залида немис тилидаги китобларни мутолаа қилиши, Германия даврий ва вақтли матбуот нашрлари билан танишиши мумкин. Кимда немис тилини ўрганишга иштиёқ пайдо бўлса, бу ердаги курсларда таҳсил олиш имконияти бор. Бунинг учун барча зарур шароитлар яратилган.

Ҳозирги институтнинг тил ўқитиш марказларида 4 мингдан зиёд мамлакатимиз фуқароси немис тилини ўрганмоқда.

Франк-Вальтер Штайнмайер институтда тил ўрганаётган ёшлар, маданият ва санъат намоёндалари, илмий доиралар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан суҳбатлашди.

Федерал президент икки ўзбекистонлик — Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси таржимони Мукаррам Каримова ва Марғилон шаҳридан немис тили ўқитувчиси Лидия Осинани «Bundesverdienstkreuz» («Германия Федератив Республикасига хизмат кўрсатгани учун») ордени билан мукофотлади.