«Ўзбектелеком» компанияси биринчи чоракда провайдер ва операторлар учун интернет-каналлар тарифлари 1 Мбит/с учун 70128 сўмгача туширди, дея хабар қилди компания тижорий директори вазифасини вақтинча бажарувчи Алишер Зуфаров сешанба куни бўлиб ўтган брифингда.

Ўтган йилнинг декабридан Халқаро пакет коммутациялар марказига уланган оператор ва провайдерлар учун тарифлар 1 Мбит/с учун 85 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 245 минг сўм бўлган.

Шунингдек, биринчи уч ой давомида шаҳар ичида портлар ижараси 35 минг сўмдан 10,5 минг сўмга арзонлаган.

««Интернет нархлари ундан қанча фойдаланишимизга боғлиқ. Яъни вақт ўтиши билан ундан қанча фойдаланишади, оператор ва провайдерлар интернетни биздан қанчага сотиб оладию ўз абонентларига қанча арзон ёки қиммат нархларда ва тезликда тақдим этади. Бу нарх оператор ва провайдерлар учун, турган гапки, фойдаланувчилар учун ҳам доимий равишда тушиб боради», — деди Алишер Зуфаров.