Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 27 май куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, ташриф доирасидаги асосий тадбирлар 28 май куни «Кўксарой» қароргоҳида бўлиб ўтади. Тор ва кенг доирадаги музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликни, шунингдек, Ўзбекистон — Европа Иттифоқи формати доирасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокамаси кутилмоқда.

Шунингдек, Германия федерал президенти ишбилармон доиралар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашиши ва бошқа тадбирларда қатнашиши режалаштирилган.

Франк-Вальтер Штайнмайер 29 май куни Хоразм вилоятида бўлади.