АГМК футбол клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов ўз лавозимини тарк этишга қарор қилди. Бу ҳақда 48 ёшли мутахассис Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасидан мағлубиятга учраганидан сўнг маълум қилди, дея хабар берди Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси матбуот хизмати.

Олмалиқ клуби Суперлиганинг 10-турида «Пахтакор"дан 4:1 ҳисобида енгилиши сўнгги беш ўйиндаги тўртинчи мағлубият бўлди. Миржалол Қосимов унинг жамоаси барқарор ўйин кўрсата олмаётганини маълум қилди.

«Нечанчи ўйиндирки, биринчи бўлимни у қадар муваффақиятли ўтказа олмаяпмиз. Уйдаги бир қатор ўйинларда, сафарда ҳам биринчи бўлимда умуман ўйинимиз қовушмади. Қолаверса, кўплаб ўйинларнинг дастлабки 15 дақиқасида ўз дарвозамиздан гол ўтказиб юборяпмиз. Буни статистика ҳам кўрсатиб турибди. Бугун „Пахтакор“ жамоаси ҳақли тарзда ғалаба қозонди. Нимагадир ўйинимиз барқарор кўриниш олмаяпти. Раҳбариятдан истеъфо сўрайман», — деди мутахассис ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати 8 март куни старт олди ва икки давра (26 тур) ўйинлари бўлиб ўтди. Ушбу мавсумда 14 жамоа иштирок этмоқда. 10 тур якунлари бўйича АГМК 7 очко билан 12-ўринни эгаллаб турган бўлса, биринчи учликда «Пахтакор» (26), «Локомотив (21) ва «Сурхон» (18) бормоқда.

Миржалол Қосимов АГМКга ўтган йилнинг декабрида бош мураббий этиб тайинланган эди.