Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Жомбой туманида сайёр қабул ўтказди ҳамда 50 та мурожаат шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Бу ҳақда Zarnews.uz сайти хабар берилди.

— Президент таъбири билан айтганда, халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилсагина, ривожланамиз, ҳаётимиз фаровон бўлади, — деди ҳоким. — Раҳбарларнинг пастга тушиб ишлаши, одамларнинг дардига юзаки қарамаслиги учун қўлимиздан келган барча ишларни қилишга тайёрмиз. Ниятимиз, халқ биздан рози бўлсин. Сайёр қабулдан кўзланган мақсад ҳам аслида шу.

Сайёр қабулда прокуратура, ИИБ, бошқармалар, корхона-ташкилотлар раҳбарлари жалб этилди. Мурожаатлар эшитилгач, шу жойнинг ўзида масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Шундай муаммолар борки, уларни ёлғиз ўзинг ҳал қилолмайсан. Кишига боғлиқ бўлмаган муаммолар ҳам етарлича бўлади. Баъзан оилангда кимнингдир соғлиғи учун раҳбариятга арз қилсанг, баъзан маҳалла-кўй, халқнинг янада фаровон яшаши учун мурожаат қилишга мажбурсан. Аслида бундай мурожаатларда маъни, мақсад бор. Демак, арз эшитувчи ҳам бу каби мурожаатлардан қаноат ҳосил қилади, муаммога ечим излаш пайида бўлади.

Тўрт мучаси соғлом йигит: …ҳовлимнинг деворини ўраб беринг, уйимни таъмирлашда ҳомийлик қилинг.

Турмуш ўртоғи ҳам, ўзи ҳам соғлом аёл: …менга уй керак. Болаларим кўп.

Ҳоким бундай мурожаатчилар билан муроса қилишни истамади.

— Аввало, Яратган оёқ-қўлингизни бут қилиб қўйибдими, нега сизнинг ҳовлингизни кимдир бориб ўраб бериши керак? — деди Эркинжон Турдимов. — Нега кўчангиздан ўтган ариқни қазиб қўйишга ярамайсизу бошқалардан уйингизни таъмирлаб беришларини сўрайсиз? Нега меҳнат қилишдан қочасиз? Энг қўрқинчи одам — боқиманда одам. Бу тоифалар на ўзига, на оиласига, на жамиятга наф келтиради. Ишлашни истамайсизми, аравангизни бировга торттиришга ҳаракат қилманг. Эл қатори ишланг, бировдан ёрдам сўрашга уялинг. Ҳар доим меҳнат қилган — яхши яшайди. Мен шахсан бундай мурожаатларни қаноатлантирмайман. Ишлайман десангиз, марҳамат!

Сайёр қабулда жами 223 нафар фуқаро мурожаат қилди. Мурожаатларнинг аксарияти ички йўлларни таъмирлаш, уй-жой, кадастр, коммунал соҳалардаги муаммолардир. Қабул давомида давлат хизматлари агентлиги томонидан кўчма автобусда тезкор хизматлар ҳамда туман бандлик бўлими томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. 50 га яқин мурожаатларга шу жойнинг ўзида ижобий ечим топилди.

Вақт талаб этиладиган мурожаатларга 31 майга қадар бўлган муддат билан масъуллар бириктирилди. 31 май куни вилоят ҳокимлигида мурожаатлар ижроси муҳокама этилиши белгиланди.

Маълумот ўрнида. Сайёр қабуллар шу пайтга қадар тўққизта шаҳар-туманларда ўтказилган. Мулоқотлар давомида 2358 нафар фуқаролардан 2705 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1412 таси ижобий ҳал қилинган. 228 таси рад этилган. 710 тасига тушунтириш берилган, 355 таси ўрганиш жараёнида.

Фуқаролар мурожаати, муаммосини танасида ҳис қилиб кўрмаган 31 нафар раҳбар жавобгарликка тортилган.