Мактабгача таълим вазирлиги Хитойнинг бешта болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқарувчиси билан ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзолади. Маҳсулотлар 24 май куни «Болалар илк ривожланишида инновацион ёндашув» ўзбек-хитой форумида тақдим этилди, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Ушбу маҳсулотлар ёғоч, пластик, қаттиқ ўйинчоқлар ва инвентарлар, ривожлантирувчи ўйинлар, ўйин қурилмалари, болалар майдончалари, мебель ва таълимий мультимедиа контентидан иборат. Маҳсулотлар Шимолий Америка, Европа, Австралия ва Японияга экспорт қилинади.

Томонлар ривожлантирувчи ўйинлар, ўйинчоқлар ва ўйин қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасини ташкил этишга қизиқиш билдирди.

Форумда мактабгача таълим мутахассислиги бўйича талабаларга стипендиялар ажратиш, мактабгача таълим стандартлари соҳаси, шунингдек алоҳида парваришга муҳтож болалар билан ишлаш масалалари муҳокама қилинди.

Форумда вазирлик ва идоралар, Сун Цинлин номидаги жамғарма, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпуслар вакиллари, давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари (МТМ) раҳбарлари ва тадбиркорлар иштирок этди.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин боланинг табиий қобилиятларини ривожлантириш учун таълимий муҳит хилма-хил материаллар ва ускуналарни ўз ичига олиши ва ижодий бўлиши лозим эканини таъкидлаб ўтди. Бундай муҳитда бола масъулиятни, мустақилликни ва бошқалар билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйишни ўрганади, деб ҳисоблайди вазир.