Жорий йилнинг 22−23 май куни Англиянинг Cambridge Assessment ташкилоти экспертлари Гвендид Каудвелл (Ms.Gwendydd Caudwell) ва Марк Шэннон (Mr.Mark Shannon) Президент мактабларига қабул жараёнини ташкил этиш мақсадида юртимизга ташриф буюрди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, Cambridge Assessment ташкилоти Ўзбекистонда янги ташкил этилаётган Президент мактабларига қабулни шаффоф ва адолатли ташкил этишга масъул ташкилот сифатида танланган.

Ташриф доирасида Cambridge Assessment ташкилоти экспертларини Халқ таълими вазири ўринбосари Сарвар Бобохўжаев, «Инновация, технология ва стратегия маркази» ДУК директори Рустам Каримжонов ҳамда марказ директор ўринбосари Амирулла Абдуллаев кутиб олишди.

Cambridge Assessment ташкилотининг экспертлари икки кунлик ташрифи мобайнида Президент мактабларини ташкил қилиш бўйича лойиҳа ходимлари билан ўқувчиларнинг ҳужжат топшириш тартиби, имтиҳон кунлари, намунавий тест саволлари тўпламларини тарқатишга оид масалаларни муҳокама қилдилар.

Экспертлар ҳужжат қабул қилиш марказлари ва имтиҳон ўтказиладиган муассасаларга ташриф буюрди. Имтиҳонларни холисона ва одил ўтказилиши бўйича махсус иш режасини ишлаб чиқишди.

Президент мактабларига қабул Халқ таълими вазирлиги томонидан юртимиз таълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасида белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилади. Мактабнинг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил — 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Биринчи ўқув йилида эса ҳар бир Президент мактабининг 5−10-синфларига жами 144 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинади.

Ўқув жараёни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлар бўйича инглиз тилида амалга оширилади ва «STEAM — таълим» (Science — табиий фанлар, Technology — технология, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) дастури асосида олиб борилади.

Президент мактабининг 9−11-синфларида таълим ўқувчиларнинг қизиқишларига кўра айрим фанни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.

Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда биринчи учта мактаб Тошкeнт, Хива ва Нукусда очилиши белгиланган эди. 2019 йилда Президент мактабини Наманган шаҳрида ҳам қуриш бўйича қарор қабул қилинди. 2020−2021 йиллар давомида Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам Президент мактаблари ташкил этилади.