Ўзбекистон ва Афғонистон Термизда бўлиб ўтган бизнес форумда 82,2 млн долларлик экспорт шартномалари ва битимларни имзолади, дея хабар қилди Инвесторлар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати. Тадбирда 60 дан ортиқ афғон компанияси иштирок этди.

Имзоланган ҳужжатлар доирасида Ўзбекистон жанубдаги қўшнига нефть-кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беради.

Жумладан, «Ўзтрейд» компанияси 15,5 млн долларлик, Сурхондарёдаги корхона — 15 млн долларлик, «Ўзбекнефтгаз» — 11,5 млн долларлик, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси — 10 млн долларлик, Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги — 8,8 млн долларлик ҳамда «Ўзкимёсаноат» — 5,4 млн долларлик шартномаларни имзолади.

Бундан ташқари, Афғонистон делегацияси билан ўтказилган икки томонлама музокараларда чегараолди савдо зонаси ёрдамида ўзаро савдо алоқаларининг ўсишини жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.