Uzbekistan Airways Миллий авиакомпанияси 25 май куни мамлакат ички рейслари учун эконом класс чипталари тарифларини қайта кўриб чиқди.

Компаниядан «Газета.uz"га хабар қилинишича, эконом класснинг энг паст тарифи (L тури, эконом классда жами 10 та тур бор) ўзгаришсиз қолди, бошқа тарифлар (U, S, O, V, T, K, M ва B) бўйича чипталар нархи 1−4 еврога оширилди. Энг юқори тариф (Y) баҳоси эса сезиларли даражада — қарийб икки бараварга кўтарилди.

Тарифлар қайта расмийлаштириш ва қайта банд қилиш (юқори тарифларда ставкалар паст), чиптани қайтариш, очиқ саналарнинг мавжудлиги (паст тарифлар эгалланган бўлади) ва бошқа шарт-шароитлар билан фарқ қилади.

«Дунёнинг аксарият авиаташувчиларида бўлгани каби, чипта нархи бўш ерлар мавжудлиги ва у ёки бу йўналиш бўйича талабга боғлиқ», — дея изоҳ берди компания вакили. «Ким барвақт чипта сотиб олса, у шунча арзонроқ бўлади» тамойили Ўзбекистонда 2017 йилда хорижий валютанинг эркин конвертацияси очилганидан сўнг жорий этилган эди. Унга қадар фақатгина иккита тариф мавжуд эди.

Компаниядан қўшимча қилишича, эндиликда L, U, S ва O каби паст тариф даражалари бўйича кўпроқ жойлар сотувга чиқарилмоқда. Масалан, 25 майга қадар ички рейсларда L, U, S ва O паст тарифлари бўйича 20 га яқин жой ажратилган бўлса, эндиликда худди шу L, U, S ва O тарифлари бўйича 70 та жой ажратилмоқда.

Uzbekistan Airways бир неча мисоллар келтирди: Тошкент-Самарқанд рейсида L тарифи бўйича 5 тагача ўрин 10 евродан сотилган бўлса, эндиликда худди шу нархда 10 та жой сотилмоқда. U тарифи бўйича 5 та жой 11 евродан, ҳозирда — 10 та жой 12 евродан сотилмоқда. Энг қиммат Y тарифи нархи эса 31 евродан 56 еврога қадар кўтарилди.

Компания тарифларнинг қайта кўриб чиқилишини ёқилғи-мойлаш материаллари нархлари кўтарилиши муносабати билан эксплуатация харажатларининг ошгани билан изоҳлади. 2017 йил билан таққосланганда, чипталар нархлари маҳаллий йўналишларда масофадан келиб чиққан ҳолда 14−32 фоизга қимматлашди. Бу вақт давомида рейслар сони камайди, бироқ ташилган йўловчилар сони ошди.