22 май куни «Газета.uz» орқали Комил Жалиловнинг «ДТМ директорига ўқитувчининг очиқ хати» номли мақоласи рус тилида эълон қилинган эди. Мазкур мақолага ДТМ жавоб қайтарди. Ушбу мурожаатни тўлиқлигича ўқишингиз мумкин.

Тараққиёт энг аввало таълим тизимининг яхши йўлга қўйилганига боғлиқ. Зеро, таълимдаги ислоҳотлар тараққиётга замин яратади. Мамлакатимизда бу соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундай жараёнларга гувоҳ бўлиш, ҳисса қўшиш, ёрқин келажакни ҳис этиш ўзгача қувонч бағишлайди. Тест тизими ҳам бундан мустасно эмас.

Ҳа, тўғри, аввалги йилларда ўтказилган тест синовлари камчиликлардан холи бўлмаган. Ачинарлиси, буларни тайёргарлик ишлари доирасида тест топшириқларини тузиш, уларнинг базасини шакллантириш, тест синовларини ўтказишда кўриш мумкин эди. Қувонарлиси эса, бугунги кунда 2017−2019 йилларда давлатимиз томонидан тест тизимини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган ўта муҳим қарорлар асосида киритилган ўзгаришлар, жорий этилган янгиликлар эвазига ана шундай муаммолар бартараф қилинди. Авваллари кузатилмаган замонавий технологиялар жорий этилди, умуман мазкур соҳадаги ислоҳотлар юқори даражага кўтарилди. Бугунги кунда ҳам тест тизимини такомиллаштириш ишлари тўхтаб қолган эмас.

Бирор соҳани ривожлантиришда фақат унинг камчиликлари (агар мавжуд бўлса) ҳақида бонг уриш эмас, аксинча, шу камчиликларни бартараф этишда ўз ҳиссасини қўшиши тўғри бўлади. Бироқ ҳамма вақт ҳам шундай бўлавермас экан.

Шу йили 22 май куни «Газета.uz"да К.Жалиловнинг «Давлат тест маркази директорига очиқ хат"и эълон қилинди. Ушбу очиқ хат мазмуни билан танишган муштарий ишонувчанлиги боис, ҳолатни шундай экан деб қабул қилиши мумкин. Буни очиқ хатга берилган шарҳлардан билса бўлади. Келинг, энди мақоламизнинг сарлавҳаси сифатида келтирилган саволга жавоб берсак.

Очиқ хатда масала тест топшириқларининг валидлиги билан бошланганлигини ҳисобга олиб, биз ҳам шундан бошлаймиз. Маълумки, тестнинг валидлик даражасини аниқлаш критериал валидлик ва мазмуний валидликни таъминлаш орқали амалга оширилади.

Критериал валидлик тест натижаларини ҳамда мустақил, эркин ҳолда олинган кўрсаткичлар (экспертларнинг фикр-мулоҳазалари, валидлиги аниқланган бошқа тестларнинг натижалари)ни таққослаш асосида аниқланади. Корреляция коэффициентлари ёрдамида ҳисоблаб чиқарилади.

Мазмуни бўйича валидликни таъминлаш учун тест топшириқлари ўқув дастурининг барча жиҳатларини қай даражада ва тўғри мутаносибликда қамраб олишини мунтазам текшириб бориш билан амалга оширилади. Педагогик тестлар сифатли бўлиши учун уларнинг топшириқларини (вазифаларини) тайёрлашдан олдин тегишли дарсликлар ва ўқув дастурлари тўлиқ тизимли текширилади, шунингдек ушбу фан бўйича мутахассислар билан маслаҳатлашилади. Шу йўл билан тўпланган ахборот асосида топшириқларни тайёрловчи шахслар учун тест тафсилоти (спецификацияси) тузилади.

Яна шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, тест валидлигини таъминлашнинг ишончли воситаси бўлган тест материалларини эксперт баҳолаш қўлланилади. Амалда Давлат тест маркази эксперт баҳолашда фан бўйича халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим тизимидан тавсия этилган малакали мутахассислардан иборат экспертлар хизматидан фойдаланади.

Педагогик ўлчов воситаларини такомиллаштириш, тест топшириқлар характеристикасини яхшилаш мақсадида яратилаётган тестлар сифати илмий асослаш жараёнидан ўтказилади. Бу жараён математик-статистика аппаратига асосланади.

Бунда ходимлар Халқлар дўстлиги Россия университетининг «Узлуксиз педагогик таълим институти» томонидан ўтказилган «Педагогик ўлчовлар назарияси асосида тестологлар тайёрлаш» дастури асосида қўшимча касбий тайёргарлик бўйича малака ошириб, олган билимлари ва ўрганган усуллари бўйича тадқиқотлар олиб бордилар.

Тестология ва педагогик ўлчовларнинг назарий асосларига кўра ҳар бир ўқув фани бўйича тузилган тест топшириқлари мазмуни эксперт текширувидан ўтказилгандан кейинги босқичда синалувчиларнинг репрезентатив (ваколатли) танланмасида апробациядан ўтказилган, унинг натижалари асосида тестларнинг хусусиятлари сифатини ташҳислаш учун тест топшириқларига қўйилган асосий талабларнинг кўрсаткичлари аниқланган ва баҳоланган.

Бунда тест топшириқларининг ишончлилиги (ташҳисловчи ўлчовларнинг аниқлигини, шунингдек тест натижаларининг бегона тасодифий омиллар таъсирига нисбатан барқарорлиги), валидлиги (топшириқдан тест сифатида фойдаланиш эҳтимоллиги; топшириқнинг мақсадга мувофиқлиги), ҳақиқий қийинлик даражаси, дистракторлари (чалғитувчи муқобил жавоблар), шунингдек, тест топшириқларининг дискриминативлиги (турлича билим, қобилият даражаларига эга бўлган синалувчи шахсларни фарқлаш), топшириқлар мазмунининг гомогенлик (аниқ бир фан бўйича тайёргарлик даражасини текширишга йўналтирилганлик) хоссаси, шунингдек, тест баллари (ёки тўғри жавоблар)нинг вариацияси орқали тест топширувчиларнинг тайёргарлик даражасини аниқлаш, биладиганларни билмайдигандан ажратиш тадқиқ этилган ва ташҳисланган.

Маълумотларни математик-статистик қайта ишлаш махсус SPSS («Statistical Package for the Social Sciences») ижтимоий фанлар учун статистик дастури ёрдамида амалга оширилган.

Тестология ва педагогик ўлчовлар бўйича мавжуд илмий ишларни ўрганиш натижаси тест топшириғи қийинлигини баҳолаш учун турлича шкалалар танланиши мумкинлигини кўрсатди. Шулардан, кўп ҳолларда қўлланиладиган априор (назарий) шкалалардан бирини эталон деб қаралди. Янада аниқроқ натижаларни олиш учун тест топшириқлари варианти бўйича энг кам ва энг кўп тўпланган балларни инобатга олган ҳолда апостериор (ҳақиқий) шкала танланди.

Ушбу ёндошув асосида фанлар бўйича ҳар бир вариант топшириқлари учун назарий — эталон шкала бўйича қийинлик даражаси Vestheor ва апробация натижаси асосида апостериор (реал) қийинлик даражаси Vesapost аниқланди ва мутахассис-экспертлар томонидан дастлаб белгиланган қийинлик даражаси (3-қийин, 2-ўртача қийинликда, 1-осон) Ves, назарий қийинлик даражаси Vestheorва апробация натижаси асосида аниқланган апостериор қийинлик даражаси Vesapostнинг ўзаро таққослама жадваллари ишлаб чиқилди.

Эслатиш жоизки, Давлат тест марказининг амалдаги ташкилий тузилмасида тестология, педагогик ўлчовлар ва илмий-методик ишларни олиб бориш билан шуғулланувчи алоҳида бўлим фаолият юритмоқда. Ушбу бўлим томонидан педагогик ўлчов воситаларини такомиллаштириш, тест топшириқлар характеристикасини яхшилаш мақсадида тест топшириқларига қўйилган асосий талабларнинг кўрсаткичлари — ишончлилиги,валидлиги, ҳақиқий қийинлик даражаси, дистракторлари, дискриминативлиги,гомогенлик хоссаси, тест топширувчиларнинг тайёргарлик даражаси тадқиқ қилинмоқда ва баҳоланмоқда.

Статистик таҳлил маълумотлари асосида тест топшириқларини такомиллаштириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди, улар фан мутахассислари ва экспертлар томонидан ўрганилди, таҳлил қилинди ва тегишли ўзгартиришлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2019−2020 ўқув йили қабул тест синовларида қўлланиладиган тест топшириқлари апробацияси натижалари асосида ўтказилган тадқиқотлар натижасида топшириқларнинг 12,7%да валидлик, 7,6%да ишончлилик, 14,5%да дистракторлар бўйича камчиликлар, хатоликлар тўғриланган. Тўғри жавоблар фоизи айрим дистракторларга берилган жавоблар фоизидан кам бўлган тест топшириқларининг 6,4%да ўзгартиришлар қилинган. Қийинлик даражаси бўйича тавсияларда кўрсатилган тест топшириқларининг 33,3%да ўзгартиришлар киритилган.

Кўрсатилган тавсиялар асосида барча фанлардан тузилган тест топшириқларида аниқланган камчилик ва хатоликлар тузатилган. Натижада фанлардан тузилган янги тест топшириқларининг сифат кўрсаткичлари ошган, такомиллаштирилган.

Олиб борилган тадқиқотлар натижалари бўйича 2018−2019 йилларда 6 мақола чоп этилган. Улардан 2 таси тест топшириқларининг сифат кўрсаткичларини оширишга қаратилган (М.Закирова, «Ахборотнома» журналининг 2018 йил 2(1)-махсус сонида «Олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул тест синовларида қўлланиладиган тест топшириқларини такомиллаштириш натижалари ҳақида» ва «Маърифат» газетасининг 2018 йил 25 июль сонида «Тест саволлари қандай тузилди?» номли мақолалар).

Шу билан биргаликда, тажрибадан келиб чиққан ҳолда Давлат тест маркази ходимлари томонидан «Педагогик ўлчовлар назарияси асослари», «Педагогик ўлчовларда тест топшириқ турлари» ва «Тест тузиш методикаси ва экспертизаси» мавзусида услубий қўлланмалар чоп этилган ва республикамиздаги 16 та педагоглар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш муассасаларида фойдаланилмоқда.

Чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификатларга келадиган бўлсак, келинг энг аввал имтиёз бу нима эканлигига аниқлик киритиб олсак.

Имтиёз — муайян афзаллик, қўшимча ҳуқуқлар, белгиланган қоидаларни, мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман озод қилиш ёки уларни амалга ошириш учун қулай шароитларни яратиш.

К.Жалилов ўз мурожаатида келтириб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 395-сон қарорининг 2-бандида белгиланган, яъни, 2020−2021 ўқув йилидан бошлаб тест синовлари мажмуасига чет тили киритилган барча бакалавриат йўналишларига ҳужжат топширган ҳамда В2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларига эга бўлган абитуриентлар чет тили фанидан озод этилиши ва унга максимал балл берилиши белгилаб қўйилган.

Демак, абитуриент В2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлса, у белгиланган тест синовлари мажмуасидаги мажбурий чет тили фани тестини топширмайди ва унга максимал балл берилади. Агарда юқорида кўрсатилган «имтиёз» сўзи маъноси билан солиштирсак, абитуриент белгиланган даражадаги сертификатга эга бўлса унга имтиёз берилмоқда.

Кейинги масалага ўтадиган бўлсак, нима сабабдан В2?

Жаҳон тажрибасида В2 даражадан паст бўлган сертификатга эга бўлган талабгорларга нафақат имтиёз, балки шу олий таълим муассасасида ўқишга рухсат ҳам берилмайди. Тўғри, В2 даражага эга бўлган талабгор шу чет тилида семинар, лекцияларни тушуниши, курс ишларини ёзишда материаллардан фойдаланиш мумкин ва шу сабабдан уларда энг ками билан В2 даражаси талаб қилинади.

Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига келадиган бўлсак, В2 даражага эга бўлган абитуриент чет тилини билиш даражаси бошқалардан бир поғонага юқори эканлигини кўрсатади ва у олий таълим муассасааларига кириш имтиҳонларида В1 даражадаги тестларни топширишда озод этилади. В2 даражадаги сертификатга эга бўлган талабгор ўқиш даврида нафақат она тилисидаги материаллардан, балки халқаро тадқиқот институтлари ва мутахассислар ишлари билан танишиши, ўз курс ишларини шу илмий ишларга ёки мақолаларга таяниб ёзиш имконияти пайдо бўлади.

Бунинг нимаси ёмон?

Агарда талабгор, В2 даражада чет тилини билмаса, у олий таълим муассасааларига кириш имтиҳонларида барча абитуриентлар билан бирга, В1 даражадаги тест топшириқларини ечиш имконияти мавжуд. Алоҳида таъкидлаш лозимки, чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификатни олиш абитуриент учун мажбурий эмас, ихтиёрий. Ҳеч ким абитуриентни сертификат олишга мажбурламаяпти. Ўз билимига ишонганлар синовларда иштирок этиб сертификат олиши, бу билан имтиёзга эга бўлиши мумкин.

Ушбу масалалар билан бирга, К.Жалилов тест синови топшириладиган фанларни 2 гуруҳга бўлиш, яъни 3 та мажбурий фанларни киритишни оқламаган. У кишининг фикрича, мажбурий фанлар сифатида киритилаётган «Она тили», «Математика», «Ўзбекистон тарихи"дан болалар мактаб давридаёқ имтиҳон топшириб бўлади, шунинг учун уларни киритиш керак эмас. Лекин бунинг иккинчи томони ҳам бор — агар абитуриент бу фанларни яхши ўзлаштирган бўлса, умумий саводхонлик даражасидаги билимини синашнинг нимаси ёмон, аксинча, бу абитуриентга янада кенгроқ имконият бермайдими, осон саволларга жавоб бериб, кўпроқ балл тўплаши мумкин-ку?!

Шунингдек, 5 та фандан тест топширишнинг тест топширувчига руҳий таъсирига келсак, эътироф этиш керакки, ушбу янгиликни киритишдан олдин таълим ва тиббий соҳалари мутахассислари фикрлари инобатга олинган.

Аслида жорий йил ва келгуси ўқув йилидан бошлаб киритилаётган янгиликларга оид қарор лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун regulation.gov.uz порталига қўйилган эди. Бу даврда жамоатчилик томонидан билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар инобатга олинган. Эътибор қилсак, муҳокамага қўйилган қарор лойиҳаси ва қабул қилинган қарор матни бир-биридан фарқ қилади. Жумладан, таълим муассааларини олдинги йилларда битирганлар учун тўлов миқдори энг кам иш ҳақининг бир баробаридан ярим баробарга туширилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда илмий-тадқиқот ишларини самарали олиб бориш учун жуда ажойиб имкониятлар яратилган ва улар қўллаб-қувватланиб, етарли шарт-шароит ва имтиёзлар ҳам яратилган. Алоҳида қайд этиш керакки, К.Жалиловнинг куюнчаклигини, олий таълим муассасаларига кирувчилар учун жон куйдираётганини олқишласа бўлади, лекин гап қоғозда гаплигича қолиши аниқ, токи у бўйича амалий ишлар қилинмаса. Агар шу ўринда муаллиф бир мавзуда кетма-кет ва давомли мақолалар ёзишга берилмасдан, мақолада кўрсатиб ўтилган тестология соҳасидаги камчиликларини бартараф этиш, мазкур соҳани тубдан ўзгартириш, илмий ва сифат жиҳатдан юксалтириш йўлига кириб, мукаммал ечимларни жорий этишдек таянч вазифани амалга оширувчи нодавлат ташкилот ташкил этса айни муддао бўлар эди. Айнан ушбу ташкилот фаолияти орқали тестология соҳаси бўйича илмий-тадқиқот ишларини қандай олиб бориш, шунингдек қай тарзда тест топшириқларини халқаро талабларга асосан шакллантиришни фақат танқид билан эмас, балки амалда кўрсатиб берган бўларди. Давлат тест маркази бу борада ўзига юклатилган вазифаларни ваколати доирасида бажариб келмоқда. Тестология, педагогик ўлчовлар соҳаси бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш ва татбиқ этиш борасида «Oxford University Press», «Cambridge Assessment International Education», Тошкентда Гёте институти, Россия Федерациясининг Педагогик ўлчовлар институти каби жаҳонда юқори нуфузга эга халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда.

Айни пайтда Давлат тест маркази янги тузилган тест топшириқларининг маълум қисмини ўзининг «Ахборотнома» журнали, расмий веб-сайти орқали очиқ тарзда эълон қилиб бормоқда ва абитуриентларнинг тайёргарлик кўришларига қаратилган диагностик тест синовлари жараёнларида ишлатмоқда. Фаолиятнинг очиқлигини таъминлаш мақсадида кейинги ўқув йилидан бошлаб Давлат тест марказида мавжуд тест топшириқлари базасини жамоатчилик учун очиб қўйиш режалаштирилди. Тест топшириқлари хоҳ аввалги йилларда тузилган бўлсин, хоҳ жорий йилда тузилган янгилари бўлсин, мантиқий саволлар бўлсин, барчаси очиқ бўлади. Тест топшириқлари билан танишмоқчи, таҳлил қилмоқчи бўлган барча истовчилар базага кириши, тест топшириқларини ўрганиши, фикр-мулоҳазасини ва таклифларини қолдириши, умумий муносабат билдириши мумкин бўлади. Бу олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагидаги абитуриентларга тайёргарлик кўришда яқиндан ёрдам беради.