Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Чуст туманида шифобахш сув чиққани ва мазкур сув саратон касаллигига даво экани ҳақида маълумотлар тарқади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази раҳбари Баҳром Алматовнинг мақоласи орқали мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

Наманган вилоят ДСЭНМнинг мутахассислари томонидан 2019 йилнинг 22 май куни Чуст туманидаги «Томчи замин» фермер хўжалигидаги артезиан қудуқ сувидан лаборатория текширувлари учун сув намуналари олинди.

Вилоят Давлат санитария эпидемиология марказининг акредитациядан ўтган лабораторияларида бактериологик, санитария-кимёвий ва радиологик текширувлар олиб борилмоқда. Дастлабки санитария-кимёвий таҳлил натижаларига кўра олинган сув намунаси лойқалиги, водород кўрсатгичи (рн), умумий минералланиши (қуруқ қолдиқ), умумий қаттиқлиги, сульфатлар ва хлоридлар қолдиғи кўрсаткичлари бўйича OzDst 950−2011 «Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш» Давлат стандарти меъёрларидан бир неча баробар юқорилиги аниқланди. Бундай сувни аҳоли учун ичимлик сув сифатида истеъмолга берилиши ва ишлатилиши мумкин эмас. Ҳозирда бактериологик таҳлиллар давом эттирилмоқда.

Ҳар қандай минерал сувларнинг шифобахшлик хусусиятини аниқлаш учун аввало Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси томонидан тегишли таҳлиллар ўтказилиши ва ушбу таҳлил натижалари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Республика терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий маркази» томонидан баҳоланиши лозим.

Агарда ўрганилган сувнинг шифобахшлиги аниқланса, сувдан фойдаланиш қоидаларига мос равишда сув манбасида белгиланган қурилиш ишлари олиб борилиб, сувнинг айнан қайси касалликларга шифолиги бўйича санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тартибларга риоя этган ҳолда фойдаланиш мумкин.

Мутахассислар томонидан ўрганилмасдан, сувни ичиш, ювиниш, ванна ёки бошқа усуллар билан даво сифатида фойдаланиш организмда мавжуд касалликларни қўзғатиши, оғирлаштириши ёки бошқа касалликларни келтириб чиқариши каби салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шундай экан, ушбу ҳолатда «Томчи замин» фермер хўжалигидаги артезиан қудуқ сувидан инсон саломатлиги йўлида фойдаланишни тўхтатиш лозим.

Сув — нафақат ҳаёт манбаи, балки кўпгина юқумли, жумладан ўта хавфли юқумли касалликлар ҳамда соматик касалликларнинг тарқалиш омили эканлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.