Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги Termiz kargo экспорт марказида «Ўзбекистон — Афғонистон» чегараолди савдо зонаси очилди. Унинг очилиши ўзбек-афғон бизнес форуми доирасида бўлиб ўтди, дея хабар қилди ЎзА.

Чегараолди савдо зонасида қўшни давлат ишбилармонлари учун барча замонавий қулайлик яратилди: божхона терминали, меҳмонхона, ресторан ва хизмат кўрсатиш шохобчалари. Ҳужжатлар «Бир дарча» тамойили асосида тақдим этилади.

Бу ердаги павильонларда ён қўшни давлат учун озиқ-овқат, енгил, чарм-пойабзал, фармацевтика, қурилиш, автомобилсозлик ва бошқа саноат корхоналарида ишлаб чиқарилган уч юз турдан ортиқ тайёр маҳсулот кўргазмага қўйилган.

Ўтган йили вилоятда Афғонистон капитали асосида умумий қиймати 7,3 миллион доллар миқдоридаги хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 6,6 миллион доллар миқдоридаги хориж инвестицияси жалб этилди. 2019−2020 йилларда афғонистонлик ишбилармонлар ҳамкорлигида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида тўғридан-тўғри инвестиция иштирокида умумий қиймати 30 миллион долларлик 14 та лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда, дейилади хабарда.