Жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман суди ўз биносида, очиқ суд мажлисида ёши бир жойга бориб қолсада, жиноят йўлига кирган судланувчи Р. Н. га суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман суди раиси Жамолбек Жуманиёзов «Газета.uz"га маълум қилди.

Р. Н. 2018 йил март ойида ўзи яшаб келаётган Бухоро шахар «Раззоқ Хамроев» кўчаси 67-уйнинг томарқа ерини 1×1 кв. м майдонига маккажўхори ўсимликлари орасига тақиқланган экин ҳисобланган, таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган 2 тўп каннабис ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, ўсимликларни 2018 йил октябрь ойига қадар парваришлаб етиштириб олган.

Р. Н. каннабис ўсимликлари баргларини қуритиб майдалаб марихуана гиёҳвандлик воситасини тайёрлаб, уни сотиш мақсадида Бухоро шаҳар Жўйбор кўчасида жойлашган озиқ-овқат савдо дўкони олдида сотмоқчи бўлган.

2018 йил 29 ноябрь куни соат тахминан 15−00 ларда Бухоро вилоят ИИБ ЖҚБ тезкор ходимлари томонидан Бухоро шаҳри ҳудудида «назорат тартибида гиёҳвандлик воситаларини сотиб олиш» учун махсус тадбир ўтказилди.

Бухоро вилоят ИИБ ЖҚБ тезкор ходимлари томонидан ўзининг олдига назорат тариқасида гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш учун юборилган махсус харидор О. Ж. га 800 000 сўм пул эвазига оғирлиғи 9,23 граммни ташкил қилган марихуана гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида тезкор ходимлар томонидан ушланган.

Бундан ташқари, Р. Н. нинг кўрсатмалари асосида 2018 йил 29 ноябрь куни соат таминан 16−00 ларда яшаш уйининг ертўласида 3 дона гугурт қути, газета бўлаклари ўрами ва 2 дона полимер пакетларга алоҳида-алоҳида ўраб жойлаштирилган, оғирлиғи 112,29 грамм марихуана борлиги аниқланган.

Р. Н. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан айбланди ва суд ҳукми билан узил-кесил 3 йилу 6 ой озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланди.