Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги «Газета.uz» илтимоси билан ОАВДа эълон қилинган ХТВ мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказиш бўйича қатъий қоидаларни жорий этгани тўғрисидаги хабарларга изоҳ берди.

Вазирлик 20 май куни Telegram-каналида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказиш бўйича тавсияларни эълон қилган эди. Жумладан, тадбирни 1−11-синф ўқувчилари уун 25 май куни эрталаб соат 8:00 да ўтказиш ва унда битирувчи ўқувчиларнинг мактаб формасидан ташқари, турли либосларни кийиши ҳамда ленталар тақиб олишининг олдини олиш тавсия этилган.

Бундан ташқари, ҳужжатга кўра, «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказишда битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул маблағлари йиғилиши қатъиян тақиқланади. Умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларга битирувчилар томонидан турли қимматбаҳо совғалар тақдим этиш, қўшимча турли тантанали тадбирларни (хонадонлар, ресторан ёки қаҳвахоналар ва ҳ.к.да банкет ёки бошқа маросимлар) ўтказиш ва енгил автомашиналарда сайр ташкил этишга йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилган.

«Мазкур тавсиялар ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш ва турли тадбирлар, кийим атрибутлари учун ноқонуний равишда пул маблағлари йиғилишининг олдини олиш учун ишлаб чиқилган», — дея қайд этди матбуот хизмати.

Ушбу тавсиялар мактаблар маъмуриятлари учун мўлжалланган. Жумладан, директор ва ўқитувчилар «Сўнгги қўнғироқ» билан боғлиқ тадбирлар, шунингдек кийим ва атрибутлар сотиб олиш учун пул маблағларини йиғишда иштирок этмайди.

«Мактаб вакиллари томонидан пул йиғилиши ота-оналарнинг норозилигини келтириб чиқармоқда», — дея изоҳ берди матбуот хизмати.

Айни вақтда, ХТВ вакили одамлар ҳуқуқларини чеклаш вазирлик ваколатига кирмаслигини ҳам таъкидлаб ўтди.

«Ўқувчилар ота-оналари иштирокида ташкилий жараёнларга мактаб вакилларини жалб этмасдан, пул беришга имкони бўлмаган ўқувчилар, ота-оналарни мажбурламаган ҳолда ўз хоҳишлари билан қўшимча тадбирларни ўтказишлари мумкин», — дея маълум қилинди матбуот хизматидан.