Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори билан бир қатор вазифалар белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Улар қуйидагилар:

2019−2025 йилларда маҳаллий хомашё геология-қидирув ишларини олиб бориш, қазиб олиш ва қайта ишлаш асосида қурилиш индустриясининг хомашё базасини кенгайтириш прогноз кўрсаткичлари;

2019−2025 йилларда диверсификация қилиш ва маҳсулот турларини кенгайтириш ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг мақсадли кўрсаткичлари.

Мазкур кўрсаткичлар доирасида оҳактош ишлаб чиқариш 13,1 млн тоннага, гипс тоши 1,8 млн тоннага, тош-шағал эса 5,6 млн метр кубга етказилади.

Шунингдек, обой ишлаб чиқариш 47 баробарга, арматура ишлаб чиқариш 3 баробарга ва цемент ишлаб чиқариш 2 баробарга оширилади.

2019 йил 1 июлдан:

маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт маҳсулотини сертификатлаштириш харажатлари Экспортни ривожлантириш агентлиги томонидан қопланади;

тадбиркорларнинг солиққа тортиш базаси беш йилда тенг улушларда норуда фойдали қазилма бойликлари конларини ўзлаштириш учун зарур бўладиган муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини қуриш харажатлари миқдорига миқдорга камайтирилади;

техноген минерал ҳосилалар ҳақидаги маълумотлар тадбиркорларга бепул берилади.

Қурилиш материаллари соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 2019−2021 йилларда халқаро молиявий институтлар ва хорижий банкларнинг 500 млн долларидан кам бўлмаган имтиёзли кредитлари жалб қилинади.

2019/2020 ўқув йилидан Бухоро муҳандислик-технология институти, Жиззах политехника институти ва Фарғона политехника институтида қуйидаги йўналишлар очилади:

  • «Қурилиш материаллари, буюмлари ва қурилмаларини ишлаб чиқариш технологиялари»;
  • «Йиғма темирбетон, бетон қурилмалар ва буюмларни ишлаб чиқариш»;
  • «Материалшунослик ва янги турдаги қурилиш материаллари технологияси (турлари бўйича)»;
  • «Деворбоп ва пардозбоп қурилиш материаллари технологияси».