Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Ҳужжат 8 боб ва 47 моддадан иборат (амалдагиси — 6 боб ва 29 моддадан). Янги бобларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг асосий йўналишлари ва уларнинг ваколатлари, шунингдек, улар фаолиятининг қонунийлиги кафолатлари келтириб ўтилган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга қарорлари лойиҳалари Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри адлия бошқармалари томонидан мажбурий тартибда тегишли ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

Ҳоким ваколатини кенгайтириш ва унга табиий ресурслардан фойдаланиш, коммунал тармоқлар ва иншоотлар қуришга рухсат бериш, тадбиркорликни ривожлантириш учун шароит яратиш ва бошқаларни киритиш таклиф этилмоқда.

Ҳужжатга кўра, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари бир йилда энг камида икки марта аҳоли олдида ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот беради. Ҳокимлар фаолияти Вазирлар Маҳкамаси, халқ депутатлари кенгашлари ва юқорида турувчи ҳокимлар томонидан ҳар чоракда ўрганилади. Ўз фаолияти даврида тегишли ҳудудни етарли даражада ижтимоий-иқтисодий ривожлантира олмаган, тадбиркорликни ривожлантиришнинг уддасидан чиқмаган шахслар такроран ҳоким лавозимига даъвогарлик қила олмайди.

Ҳоким, унинг ўринбосарлари, ҳоким аппаратининг бошқа бошқарувчи ходимлари маош тўланадиган бошқа лавозимларда ишлаш ҳуқуқига эга эмас, қонунчиликда кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно, дейилади қонун лойиҳасида. Қонуннинг амалдаги талқинида истисноли ҳолатлар йўқ.

Қонун лойиҳасида ҳоким ваколатини муддатидан олдин тўхтатиш ҳолатлари ҳам санаб ўтилган. Суднинг ҳокимга нисбатан айблов ҳукми қонуний кучга кирганда, доимий яшаш учун Ўзбекистондан чет элга кетганида ва бошқалар шулар жумласидан.