2019 йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси етиб тайинланган Кан Чже Квонни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширишга бағишланган қисқа маросимдан сўнг вазир элчини Ўзбекистонга тайинлангани билан табриклади ҳамда унга юқори ва масъулиятли лавозимда муваффақият тилади.

Бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон ва Корея Республикаси президентларининг 2017 йил ноябрь ойида Сеулдаги ва 2019 йилнинг апрель ойида Тошкентдаги сермаҳсул учрашувлари чоғида эришилган келишувларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш масалаларига ҳамда турли соҳа ва шакллардаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Корея Республикаси халқлари фаровонлиги йўлида алоҳида стратегик шериклик ва ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишончнинг анъанавий юқори даражаси сақлаб қолинишига ҳамда мустаҳкамланишига ишонч билдирилди.