«Аҳмадбой» номи билан машҳур Аҳмад ТУрсунбоевга қарши иккинчи жиноят иши бўйича суд жараёни якунига етди. Якуний суд мажлиси 20 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида бўлиб ўтди, дея хабар қилди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га.

Аҳмад Турсунбоев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик), 228 (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-(жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

У 10 йил муддатдан озодликдан маҳкум этилди, жазо умумий тартибдаги колонияда ўталади. 2018 йилнинг февралида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан тайинланган жазо қўшилган ҳолда Аҳмад Турсунбоевга 14 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳамда 52,1 млн сўм миқдоридаги ЭКИҲнинг 400 баравари миқдоридаги жарима ва 1 йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазолари тайинланди.

Иш бўйича яна 15 киши суд қилиниб, уларнинг барчаси 168 ва 243-моддаларда кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда; 13 нафари 228-модда бўйича айбдор деб топилди.

Олмос Қўчқоров, Изатилла Ибрагимов, Муроджон Турсунбоев 12 йил муддатга, Ойбек Турсунбоев — 9 йил, Азизжон Турдиев — 8 йил, Шерзод Душанов — 7,5 йил, Лазиз Солиев, Ҳасан Шерназаров, Шокирбек Ирматов, Энвер Мамутов ва Юнусали Жўраев — 7 йил, Нурутдин Дадаев — 6,5 йил, Ойбек Исоқов (Аҳмад Турсунбоевнинг Chinoz avto hamkor trans ва Chinoz halol chorva корхоналари ҳуқуқшуноси, Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси раиси) — 6 йилга (шартли), Эргаш Тошматов ва Наргиза Исламова — 5,5 йил (шартли) муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Аҳмад Турсунбоев ишида жами 11925 нафар жабрланувчи бор.