1 сентябрдан тунги вақтларда вилоятлараро, шаҳарлараро, халқаро ва туристик йўналишлар бўйича автобусларда йўловчиларни, шунингдек, болалар гуруҳларини ташиш фақат махсус жиҳозланган хизмат автомобилларидан фойдаланган ҳолда ички ишлар органлари ҳамроҳлигида амалга оширилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 22 майдаги йўловчиларни автобусда ташиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қарорида ўз аксини топган.

Ҳужжатга мувофиқ, ички ишлар органлари ҳамроҳлик қиладиган автобусларга Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати ходимлари томонидан пулли асосда хизмат кўрсатилади. Қатнов йўлига чиқишдан олдин автобусларнинг техник ҳолати мажбурий текширувдан ўтказилади.

Қатнов йўллари бўйича автобусларда йўловчиларни ташишга лицензия битимларида лицензиатнинг автобусларни ҳайдовчининг толиққанлигини назорат қилиш қурилмалари билан таъминлаш мажбурияти назарда тутилади.

Сменалар ўртасидаги дам олиш 12 соатдан камни ташкил этган автобуслар ҳайдовчиларининг сафарга чиқишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, фойдаланиш муддати 15 йилдан ортиқ бўлган автобусларда йўловиларни ташишга лицензия карточкалари берилишига йўл қўйилмайди.

Болалар гуруҳлари, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчиларини соат 22:00 дан соат 05:00 гача (ноябрь-февраль ойиларида соат 21:00 дан соат 06:00 гача) қатнов йўллари бўйича ташишда автобусларнинг ички ишлар органлари ҳамроҳлигисиз ҳаракатланиши тақиқланади, болаларни темир йўл вокзаллари, аэропортларгача ва орқага ташиш, шунингдек, йўлларда туриб қолишга энг яқин тунаш жойигача ташиш бундан мустасно экани белгиланди.

Икки ёки ундан ортиқ автобусларда экскурсия қилувчи, туристик ва бошқа гуруҳларни ташиш ички ишлар органлари ҳамроҳлигида колонна таркибида амалга оширилади. Хайрия вакиллари сирасига кирадиган экскурсия қилувчи, туристик ва бошқа гуруҳларни ташишни бажарувчи автобусларга ҳамроҳлик қилиш тўлов тўланмасдан амалга оширилади.

Қарор билан автобуслар ҳайдовчилари учун тунги вақтларда ҳаракатланиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимларига риоя этилиши устидан назорат механизмларини жорий этиш режалаштирилмоқда.

2020−2035 йилларда халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлларининг ташқи ёритилиши дастурини амалга ошириш режалаштирилган.