Ўзбекистон делегацияси мамлакатда дин эркинлиги масалалари бўйича давра суҳбати ва динлараро ифторда иштирок этиш учун Вашингтонга (АҚШ) ташриф буюрди, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати. Делегация таркибидан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, Олий Мажлис Сенати қўмита раиси Алишер Курманов, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, шунингдек муфтий Усмонхон Алиев жой олган.

Делегация Оқ уй ва АҚШ Давлат департаменти вакиллари — АҚШ президенти ёрдамчисининг ўринбосари Лиза Кёртис, АҚШ вице-президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус маслаҳатчиси Майкл Катрон ва диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчи Сэм Браунбэк билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Сэм Браунбэк билан учрашувда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси"нинг амалга оширилиши, шунингдек Ўзбекистоннинг диний эркинлик соҳасида хавотирларни келтириб чиқарувчи мамлакатларнинг «назорат рўйхати"дан чиқариш чоралари муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида динлараро ифтор ҳам ташкил этилди. Унда Ўзбекистон-Америка алоқалари тарихида илк бор Ўзбекистон муфтийси иштирок этди. Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобовнинг Twitter орқали ёзишича, ифтор АҚШ Тинчлик институти томонидан Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.