Когон шаҳрида яшаган Байрам Ҳодиев (исми-шарифи ўзгартирилган) муқаддам 6 маротаба фирибгарлик жинояти содир этгани учун судланган. Жумладан, охирги маротаба 2016 йил 4 октябрда фирибгарлик учун 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, 2018 йил 16 май куни ўталмай қолган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган эди. Шундай бўлсада, қонуннинг кечиримлилик тамойилидан хулоса чиқармади. Меҳнат қилмасдан, алдов ва фирибгарлик орқасидан текин бойлик орттиришга ўрганган кўнгли уни яна жиноятга ундади.

Байрам Ҳодиев 2018 йил июнь ойидан август ойига қадар бўлган вақт оралиғида фуқаро Насиба Зохидова (исми-шарифи ўзгартирилган) нинг ишончига кириб, ўзини ДХХ да юқори лавозимда ишлаб келаётганлигини айтиб алдаб, Бухоро тумани ҳудудида намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уй-жойлардан олиб беришни ваъда қилиб, ундан уй олиб бериш учун 18 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Иш ҳолатларига кўра, жабрланувчи бу пулларни умр бўйича ўзи ва акаси билан бирга уй сотиб олиш мақсадида жамлаб келган.

Катта миқдорда пулни қўлга киритган Байрам Ҳодиевнинг нафси ҳакалак отиб улгурган эди, текин пул топиш фикри унга тинчлик бермади. Жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ноқонуний бойлик орттириш мақсадида фуқаро Дилшод Фозилов (исми-шарифи ўзгартирилган) нинг ишончига кириб, уни пора эвазига Давлат хавфсизлик хизмати органларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, пора беришга далолат қилган ҳолда пул маблағларини қўлга киритишни режалаштирган.

Лекин Байрам Ҳодиевнинг бу галги фирибгарлиги охирига етмади. Ҳодиев 2018 йил 27 ноябрь куни соат 17:30 ларда Когон шаҳридаги «Ўзтемирйўл йўловчи» АЖнинг Бухоро филиалига қарашли автотураргоҳда фуқаро Дилшод Фозиловдан пора беришга далолат қилган ҳолда фирибгарлик йўли билан 15 млн сўм пулни олаётган вақтида ўтказилган тезкор тадбир давомида жиноят устида ашёвий далил билан қўлга олинади.

Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг 2019 йил 26 мартдаги ҳукми билан Ҳодиевга Жиноят кодекси 25,168-модда 3-қисми «б» банди, 168-модда 4-қисми «а» банди ва 28, 211-модда 2-қисми «а» банди билан жами 9 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Шу билан бирга, судланувчи Байрам Ҳодиевдан жабрланувчи Насиба Зохидова фойдасига 151 млн сўм ундириш белгиланди.

Зариф Шеров, жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди раиси