20 май куни тахминан 2:30 да Тошкент вилояти Бекобод шаҳар Ўзбекистон маҳалласи Истиқбол кўчаси 22-уй рўпарасида жойлашган чиқиндихонада ушбу шаҳарда истиқомат қилган аёл кишининг (1975 й. т.) мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Воқеа жойига зудлик билан бош прокурорнинг биринчи ўринбосари, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқдилар.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда мазкур оғир жиноятни фош этиш учун барча зарурий тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.