Даврий нашрларни тарқатиш билан шуғулланувчи «Матбуот тарқатувчи» компаниясининг Хоразм вилояти шўъба корхонаси директори О. К. 2017−2018 йилларда обуначилар томонидан тўланган 1,3 млрд сўм пул маблағларидан 562,3 млн сўмини талон-тарож қилганликда айбланмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг маълум қилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан «Матбуот тарқатувчи» ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текшириш ўтказилган.

Хабарга кўра, О. К. пулларни ўғли А.К. ва қариндоши С.Ш.га қарашли «У.З.» МЧЖга ўтказган.

Шунингдек, ушбу пул маблағлари эвазига «Каптива», «Ласетти», «Нексия» русумли автомашиналарни ҳамда шўъба корхона негизида ташкил этилган Ҳазорасп босмахонаси балансида бўлган ҳақиқий баҳоси 750,0 млн. сўмлик бино ва иншоотларни 16,7 млн. сўмга сотиб олиб, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштирганлиги аниқланган.

Текширув давомида етказилган зарардан 562,0 млн. сўми ундирилиши таъминланган.

Худди шундай, «Матбуот тарқатувчи» АК Хонқа филиали раҳбари М.Р. ҳам 2018 йилда обуначилар томонидан тўланган 365,5 млн. сўм пул маблағларидан 214,0 млн. сўмини қариндоши Ш. А.га тегишли бўлган «А.С.» ХКга ўтказиб талон-торож қилиб, ушбу пул маблағлари эвазига Урганч шаҳридан турмуш ўртоғи А.А. номига уй сотиб олиб, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиргани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан О.К. ва М.Р.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.