Божхоначилар томонидан почта жўнатмалари орқали қонунга хилоф равишда гиёҳвандлик воситасини жўнатиш каби қонунбузарлик ҳолатига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Бошпочтампт» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан фуқаро У.Р. номига хориждан юборилган почта жўнатмаси белгиланган тартибда назоратдан ўтказилганида, декларацияда кўрсатилган «CD 3» ва «Books» товарлари ўрнида полиэтилен пакетга ўралган, ўткир ҳидли марихуана гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.

Экспертиза хулосасига асосан, ашёвий далил сифатида олинган марихуана гиёҳвандлик моддасининг соф оғирлиги 414,76 граммни ташкил қилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.