Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон локототивлар паркини яхшилаш учун 170 млн доллар миқдорида қарз ажратилишини тасдиқлади, дея хабар берди банк матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Мазкур маблағлар 24 дона «ультразамонавий электр локомотивлари"ни сотиб олишга йўналтирилади.

Янги локомотивларнинг темир йўл тизимлари самарадорлигини ошириш, йўловчи ва юк ташиш хизматларининг янада тоза, ишончли ва самарали бўлишини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда, дейилади хабарда.

24 та локомотивнинг 16 таси юк поездлари, 8 таси эса йўловчи поездлари учун оптималлаштирилган. Ушбу локомотивлар йилига атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газлари миқдорини 900 минг тоннагача камайтириш ҳамда маҳаллий даражада ҳавонинг ифлосланишини камайтиришга ёрдам беради.

Тошкентдаги «Ўзбекистон» локомотив депоси янги локомотивларга самарали хизмат кўрсатилиши учун модернизация қилинади. «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси мамлакат транспорт эҳтиёжларига тайёргарлик кўриш учун узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини амалга оширмоқда, дея қайд этди ОТБ матбуот хизмати.

Лойиҳанинг умумий қиймати 218,3 млн долларни ташкил этиб, Ўзбекистон ҳукумати томонидан 48,3 млн доллар ажратилмоқда. Лойиҳанинг 2025 йил июнида тамомланиши кутилмоқда.