Криминалистикада инсон мияси хотирага қанчалик тезлик билан реал ҳаётдан содир бўлмаган нарсаларни киритиши яхши маълум. Шундай экан, воқеанинг сохта манзараси гавдаланмаслиги учун ҳодиса гувоҳларининг кўрсатмалари у содир бўлгандан имкон қадар тезроқ ёзиб олиниши керак. Бир оз кейин эса гувоҳларнинг хотираларига ўй-хаёллар таъсир кўрсатишни бошлайди. Кўриш орқали олинган хотиралар мия орқали ўтар экан, моддий муҳит тўғрисидаги когнитив билимларимиз, шунингдек ҳаётимиз давомида тўпланган билим ва тажрибаларимиз таъсирида ўзгаришга учрашни бошлайди. Умумий манзарада ёдда сақлаш, умумий хулоса чиқариш, аниқлаб олиш, ассоциация (тасаввур, ҳис-туйғу, фикр кабиларнинг бир-бирини эслатадиган ўзаро боғланиши — таҳр.), тартибга солиш ва баҳолаш каби атамалардан фойдаланган ҳолда тавсиф этиш мумкин бўлган асосий жараёнлар мавжуд. Мазкур жараёнлар индивидуал ва шахсий фильтрлар (призмалар) орқали ўтади.

Худди шунга ўхшаш вазият одамларнинг бутун умрга йўқ бўлган бинолар ҳамда уларнинг ҳужжатлаштирилган тарихий қиймати тўғрисидаги хотиралари билан ҳам содир бўлади. Ёдгорликлар ҳимоячилари (реставраторлари)нинг осон бўлмаган вазифаларидан бири, энг аввало уларни имкон қадар аниқ, илмий саводхонлик билан тасвирлаш ва шу йўл билан ёдгорликлар баёнини холисроқ шакллантиришдан иборатдир. Синчиклаб ўрганиш ва аниқ илмий тадқиқотлар орқали ёдгорликлар ҳимоячиси ўз маҳоратини чархлайди, у шубҳали даъволарни илм-фан нуқтаи назаридан диққат билан ўрганади ва объектнинг тарихий қиймати тўғрисидаги асоссиз ва ақлга таянмаган хулосаларни чиқариб ташлайди. Бундан ташқари, мутахассиснинг меъморий ёдгорликлар ҳимояси бўйича нуқтаи назарига халқаро тажриба ҳам таъсир кўрсатади.

Қарийб барча шаҳарларда жамият тасаввурида унчалик катта аҳамиятга эга бўлмаган ёки аҳоли наздида «кўзга тушган доғ» ҳисобланган, аслида эса юксак архитектуравий, тарихий, шаҳарга хос, илмий ёки этнографик аҳамиятга эга бўлган бинолардан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бундай ҳолатларда меъморий ёдгорликлар ҳимояси бўйича мутахассислар воситачи-тарихчи ролини бажаради, улар ўз саъй-ҳаракатлари билан нима учун айнан ушбу бинони сақлаб қолиш кераклиги ва нима учун бу ўз вақтининг гувоҳи сифатида жамият учун зарур эканини тушунтириб беришлари лозим.

Архитектура ёдгорликларини ўрганиш вақтида бўлиб ўтадиган муҳокамалар жараёнида тадқиқотчилар бино қийматини тушуниб етишимиз учун муҳим бўлган қандай тарихий ўзига хосликларини батафсил кўрсатиб бериш, шунингдек мазкур иншоотнинг меъморий ўзига хослигини белгилаш ҳамда ундан кейинчалик фойдаланиш учун замонавий талабларни келишиб олиш бўйича ажойиб имкониятга эга бўлади.

Тарихий сақлаш услубларига келсак, ҳеч ким бино ёши бўйича фарқлардан келиб чиқибгина унинг муҳимлиги тўғрисида хулоса чиқара олмайди, бироқ XX асрнинг ёшроқ биноларини сақлаб қолиш, масалан, ўрта асрлар биноларини қайта тиклашга қараганда кўпроқ муросага тайёр бўлишни талаб қилади. Муросага тайёрлик натижасида аксарият ҳолларда турли манфаатдор гуруҳлар ўртасида барча томонидан маъқулланган ўзаро ён бериш ҳолатлари мавжуд бўлади.

Агарда ёдгорлик-бино қайта тикланса, интеграция қилинса, ўзининг дастлабки вазифасини ўзгартиради — тасаввурлар ўзгариши мўъжизасини яна ва яна кузатиш мумкин бўлади:

Яқиндагина кўпчилик вайрона, омадсиз меъморий режа ва мафкуралар тимсоли сифатида қабул қилган биноларни одамлар тўсатдан ўз ўтмишларининг бир қисми бўлганини энг яхши хотиралар билан тан олишни бошлайди. Ҳатто оддий одамлар ушбу ниятни амалга оширишга ёрдам берган янги материаллар ёрдамида меъморий ижродаги баъзи ўзгаришларни фарқлай олади. Шаҳарнинг туб аҳолиси вақтлар ўтиши билан саёҳатга отланади ва фарзандлари ҳамда меҳмонларга ўз ўсмирлиги ёки аждодлари ҳаётидан ҳикояларни фахр билан сўзлаб бера олишидан фахрланади, уларнинг мерослар тўғрисидаги хотиралари шундай қилиб тўпланади.

1966 йил (ГДР вақтида) Саксония ери пойтахти Дрезденда немис архитекторлари Леопольд Виль ва Вольфганг Хенш лойиҳаси бўйича халқаро модернизм услубида қурилган маданият саройи ушбу метаморфозага (ривожланиш натижасида бошқа кўринишга ўтиш — таҳр.) ёрқин мисол бўлади.

Германиянинг икки қисми бирлаштирилганидан сўнг иккинчи жаҳон уруши вақтида қарийб буткул вайрон қилинган шаҳарнинг тарихий марказидаги ушбу бинога социализм бошқарувининг бошқа кўплаб қолдиқлари каби жуда кам эътибор қаратилди. 2000-йилларнинг бошида немис монументалистлари ушбу бино фасадидаги бадиий безакларни маданий ёдгорлик сифатида тан олди ва уни ҳимоя остига олишди. Айни шу вақтда шаҳар марказидаги майдонни кенгайтириш баҳонасида, шунингдек айрим бизнес уюшмаларнинг иқтисодий манфаатлари сабабли бинони тўлиқ ёки қисман бузиб ташлашга чақириқлар пайдо бўла бошлади.

Тарихий меросга кўнгил қўйган ва эътиборсиз бўлмаган фуқароларнинг мурожаатларидан сўнг ёдгорликларни муҳофаза қилиш бошқармаси бино реставрацияси билан шуғулланди ва 2007 йилда уни Ёдгорликлар рўйхатига киритди. 2017 йилгача амалга оширилган реконструкция ва қайта қурилишлардан сўнг ГДР фуқаролари учун мўлжалланган айрим фрескалар (деворга солинган расм ёки сурат — таҳр.), масалан бинонинг асосий фойесидаги «Бизнинг социологик ҳаётимиз» фризи (нақшли ҳошия — таҳр.) сақлаб қолинди.

Мазкур бинонинг бошқа меъморий қисмлари бир оз ёки кўпроқ ўзгаришларга учради, масалан, олтин рангидаги сўнгги шиша панели оддий ойналисига алмаштирилди, анжуманлар зали эса тўлиқ янгиланди. Шундай қилиб, ёдгорликнинг асосий қиймати сақлаб қолинди, ичида эса фойдаланиш учун янги имкониятлар пайдо бўлди.

2017 йилдан мазкур бино ва фрескаларга янги ҳаёт бағишланди: шаҳар аҳолисининг социализм даври биноларига қараши тубдан ўзгарди, сайёҳлар учун ҳам мазкур бино Дрезден бўйлаб саёҳатнинг муҳим нуқталаридан, шунингдек бу ер фотосуратга тушиш учун севимли масканлардан бирига айланди.

Дрездендаги маданият саройи реставрация вақтида, 2015 йил май. Манба: Википедия.

Қайта тикланишидан аввал ҳимоя тўри билан қопланган «Қизил байроқ йўли» ғоявий фрескаси, 2012 йил октябрь. Манба: Википедия.

Юқори фойе реставрациядан сўнг, ўнгда — «Бизнинг социологик ҳаётимиз» фризи, 2017 йил май. Манба: Википедия.

Янги концерт зали, ранглар фойе рангига мослаштирилган, 2017 йил май. Манба: Википедия.

Дрезден Маданият саройининг ҳаётга қайтиши айнан аҳолининг онгли қатлами саъй-ҳаракатлари ҳамда меъморий ёдгорликлар ҳимоячиларининг фаоллиги бинонинг меъморий қиймати шаҳар ҳукумати томонидан тан олинишига мисол бўлади. Ваҳоланки 2007 йилда Дрезденнинг кўпчилик аҳолиси учун унинг бузилиши ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас эди. Ёдгорликлар ҳимояси билан шуғулланувчи мутахассислар шарофати билан унинг сақлаб қолиниши бўйича ижтимоий кампания, кейин эса бинони реставрация қилиш жараёни бўлиб ўтди.

Келгусида Тошкентда экскурсиялар, ОАВдаги «Тошкентнинг топографик ёдгорликлари» каби матнлар, тушунтириш учун ёзилган кичик мақолалар, фильмлар ёки интернетдаги таклифлар кўринишида ёдгорликларнинг меъморий қиймати экспертлардан шаҳар аҳолисига «етказиб берилиши» мумкин. Ушбу воситалар шарофати билан одамлар ахборотларга эга бўлиши ва уларни тарқатиши мумкин.

Дрездендаги Маданият саройи билан деярли параллел равишда Тошкентда ҳам 1982 йилда «Ташгипрогор» режаси бўйича Рафаэл Хайрутдинов раҳбарлиги остида Киночилар уй қурилган эди (2017 йилда бузиб ташланди).

Бино намунавий доирасимон кинотеатрга эга бўлиб, фильм намойиши жараёнидан ўзлаштирилган кўплаб мотивларни ўзида акс эттирар эди: бурчаклари қайрилган режа узатувчи ва қабул қилувчи роликларга хос кўриниши билан кинопроекторни эслатар эди. Учдан бир қисмни эгаллаган марказда «объектив» жойлашган; қават тўртта бақувват устунларга жойлаштирилган — улар бинонинг қиёфасини шакллантирган.

Залга кўтарилиш учун ёзги вақтларда соя ҳосил қилган пастроқдаги майдончадан ўтиш лозим эди. Кассетасифат (кассета — фотоплёнка жойланадиган, ёруғлик ўтказмайдиган қутича — таҳр.) шифтлар эгилган темир тўсинлар ёрдамида бириктирилган. Икки томонда, ўз навбатида, проектор олдидаги кино тасмалари учун пэдларни эслатувчи эгилган кўринишдаги панжарали зиналар жойлашган. Умумий фасад 16:9 форматидаги бўғимларга ажратилган, катта зал гофрали плёнкани эслатарди. Айланасимон металл тасмалар кичик киноплёнкаларга ўхшар ва Кино саройи («Панорама») устунлари ва олд конструкцияси қисмларини эсга солар эди. Бино олдидаги майдончада Роберт Авакяннинг шамолда тебранаётган кинотасмаларни эслатувчи уч дона металл скульптураси ўрнатилганди.

Ичкарининг икки томонида иккинчи даражали фойега элтувчи зиналар орқали катта залга ҳам кириш мумкин бўлган. Фойе деворлари рассом Баҳодир Жалоловнинг «Боқийлик элчилари» номли девор расми билан безатилган. Шарқий блокда Асад Исматов, Худойберган Девонов, Яков Протазанов, Наби Ғаниев, Комил Ёрматов, Раззоқ Ҳамроев каби киноюлдузлар тасвири туширилган эди. Киноюлдузлар тасвирлари ораларига ўзбек кино санъати намуналари келтириб ўтилган.

Қарама-қарши тарафда эса ғарбий блок жойлашган бўлиб, унда шарқий блокдаги кирилл ёзувлардан фарқли равишда, лотин алифбосида девор рассомчилигининг ёрқин вакилларининг исм-шарифлари келтириб ўтилган. Ганс Эрни (Швейцария) ўзининг 1954 йилдаги «Ядровий урушга — ЙЎҚ» плакати, Давид Сикейрос (Мексика) 1937 йилги «Ҳайқириқ акс-садоси» саҳнаси, Пабло Пикассо (Испания) «Герника"дан парчаси ва Освальдо Гуаясамин (Эквадор) 1962−65 йиллардаги «Зорланаётган аёллар, 5-қисм) тасвири билан. Шунингдек, фойенинг юлдузлар шаклидаги призматик бўртиқлари кўриниб турган саккиз бурчакли кесик пирамидалар кўринишидаги лампалар осилган шифти ҳам диққатга сазовор эди.

Ўз билимларимизга таяниб, биз Киночилар уйи тавсифининг бир қисмини жонлантирдик холос, меъморий ёдгорликларни сақлаш бўйича экспертлар эса бинонинг тарихий ва бадиий қийматга эга бўлганини тасдиқлашлари мумкин. Бу бино тасвирий санъат безакларини ўзида жо эттирган эди.

Ўша даврлардаги ноёб айлана кўринишдаги кинотеатрлардан бири бўлган бино, албатта, махсус меъморий ечимларга ҳам эгалик қилиши лозим эди. Жуда қизиқарли шаклда жиҳозланган катта ва мураккаб иншоот ўзининг тарихий аҳамиятга эга экани тўғрисида шоҳидлик бериб турар эди. Ташқи қиёфаси Тошкентни тараққий этаётган социалистик мамлакатлар учун намунавий шаҳарга айлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлардан далолат берарди. Кейинчалик бу ерда Африка, Лотин ва Жанубий Америка мамлакатларининг социалистик кинофестиваллари ташкил этилди. Бу бинога жамланган жаҳонга машҳур рассомларнинг ноёб асарлари уни тарихий, айни вақтда бадиий қийматини ошириб, бир вақтнинг ўзида ҳам кўргазма, ҳам экспонат эканини таъминлар эди.

Тошкент, Киночилар уйи, 2017 йилнинг ноябри. Муаллиф фотоси.Киночилар уйи, катта зал остидаги майдонча, 2017 йилнинг ноябри. Муаллиф фотоси.Киночилар уйи, қаватдан эвакуация қилиш режаси. Катта зал бинонинг ушбу қисм олдида жойлашган, 2017 йилнинг ноябри. Муаллиф фотоси.Киночилар уйи, иккинчи қават фойесининг шифти, қандиллар сақлаб қолинмаган, 2017 йилнинг ноябри. Муаллиф фотоси.

Киночилар уйи, маъмурий қанотдаги ёруғлик гумбази, 2017 йилнинг ноябри. Муаллиф фотоси.

Баҳодир Жалолов: «Боқийлик элчилари». Шарқий қисм, 1982−84 йиллар. 2017 йилнинг ноябри, Муаллиф фотоси.

Баҳодир Жалолов: «Боқийлик даракчилари». Ғарбий қисм, 1982−84 йиллар. 2017 йилнинг ноябри, Муаллиф фотоси.

Бинонинг монументаллик қиймати тан олинганидан сўнг, Дрездендаги Маданият саройи мисолида айтадиган бўлсак, вақт ўтиши билан бинодан фойдаланишда ўзгаришлар содир бўлиши, у янги қурилишларни ўз ичига олиши мумкин эди. Масалан, анжуманлар марказига эга меҳмонхонани қуриш зарурияти пайдо бўлди. Бу босқичда бутун бинони сақлаб қолиш керакми ёки янги бинога боғлаш мумкин бўлган унинг бир қисми ҳам етарлими, деган савол кўндаланг бўлади.

Масалан, анжуманлар маркази турли ҳажмдаги кўп сонли заллар бўлишини тақозо этади. Бундай заллар Киночилар уйида мавжуд эди. Меъморий ёдгорлик ортида бутунлай янги бир бинони қуриб, ёдгорликни ҳам сақлаб қолиш ҳамда, ўз навбатида, меъморий вазифа ҳисобланган янги бино билан симбиоз (икки хил организмнинг муайян бир муҳитда бир-бирига фойда ёки зарар келтириб, бирга яшаши — таҳр.) ҳосил қилиши мумкин эди.

Агарда Киночилар уйини қисман сақлаб қолиш истаги бўлганида, масалан, фойега бар ёки кафе жойлаштириш мумкин эди. Қанчалик ноёб ва ўзига хос жойга айланиши мумкин эди бу ер. Ўтмиш даврларини ўзида акс эттирган тарихнинг бетакрор ойнаси. Рассомларнинг иллютратив меҳнатлари қанчалик аҳамият касб этар эди! Ва бу ерда «тасаввурлар ўзгариши мўъжизаси» содир бўлиши мумкин эди: ҳозир вайрон бўлган бино сифатида эсга олаётганимиз оммабоп ва диққатга сазовор тарихий масканга айланган бўлиши мумкин эди!

Айнан шундай тарихий масканлар шаҳарнинг ўзига хослигини таъминлайди. Аллақачонлар ўтиб бўлган замонларнинг асоратлари шаҳарга янги қурилишлар бера олмайдиган маданий қиймат бахш этади.

Ва ўтмиш фақатгина Ўрта асрлар билан чегараланмайди. Афсуски, Тошкентда бундай мисоллар талайгина: шунчаки эски, ҳозирда йўқотилган аэропортни эсланг. 1950-йилларнинг ушбу ноёб биноси ташриф буюрган меҳмонларни қанчалар услуб ва башанглик билан қарши олиши мумкин эди. Ушбу маданий ёдгорликдан бошқа давлатларда қилинаётгани каби, масалан, айрибошлаш шохобчалари, автомобиллар ижараси билан шуғулланувчи компаниялар ёки туристик маълумотлар учун фойдаланилса бўлмасмиди?

Янги терминал ҳақиқатда эскисининг ўрнига барпо этилмади, бироқ бузиш ишлари мазкур терминал қуриб битказилганидан кейин бошланди. Дунёда аэропортлар терминаллари сифатида кенг фойдаланилаётган ҳимоя остидаги кўп сонли ёдгорликлар мавжуд.

Халқаро танлов ўтказилиб, ўзининг маданий контрапункини ўрнатиши мумкин эди. Айнан ушбу маданият меҳмонларни ўзига жалб этади ва одамлар ҳаётини ўзида ифода этади.

Меъморий ёдгорликлар ҳимоячиларининг иши йўқотилаётган бинолар мисолида тез суръатларда ўзгариб бораётган тасаввурларга эътибор қаратишни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Ва бу воситачилик ва тушунтиришлар бутун дунёда бор. Масалан, бу Германиядаги йўқотилган бинолар тажрибасида кўриш мумкин.

Шундан келиб чиқиб, энг камида бир хулоса чиқариш мумкин: агарда авваллари маълум қилинмаган сабаблар билан ёдгорликлар рўйхатида кўрсатилмаган ва унга киритилмаган маданий ёдгорлик бузилган бўлса, бундан сўнгра меъморий ёдгорликлар ҳимояси учун жавобгар бўлган маҳаллий органлар билан олдиндан маслаҳатлашиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Муаллиф фикри таҳририят фикри билан мос келмаслиги мумкин.

Йенс Йордан — меъморий ёдгорликларни сақлаш бўйича мутахассис, Германиянинг Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни сақлаб қолиш бўйича халқаро кенгаши (ИКОМОС) аъзоси, Дрезден техника университети ва Баухаус университети катта илмий ходими. 2006 йилдан буён Ўзбекистон меъморий ёдгорликларини тадқиқ қилиш билан шуғулланади. 2015−2017 йилларда Ўзбекистон меъморий ёдгорликларини реставрация қилиш, сақлаш ва менежменти бўйича Ўзбекистон-Германия магистрлик дастурини тузиш ва амалга оширишда иштирок этди. 2017 йилдан буён ўзбекистонлик ёш мутахассисларининг маданий мерос объектлари ҳолати тўғрисидаги билимларни етказиш бўйича малакасини ошириш илмий-амалий лойиҳасини юритмоқда. Ушбу лойиҳалар Ўзбекистон меъморий меросини сақлаш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича Фольксваген жамғармаси (Германия) гранти билан қўллаб-қувватланган.