Владимир Зеленский 20 май куни Олий радада қасамёд қабул қилиб, Украина президенти лавозимига киришди, дея хабар қилди УНИАН агентлиги.

Унга Украина президенти рамзлари — чўқмор, гербли муҳр ва орден занжири топширилди.

Инаугурация маросимидан сўнг Владимир Зеленский Украина Қуролли кучлари қўшин турлари қўмондорларининг таништирув маросимида иштирок этиб, қасамёд қабул қилиш маросимида қатнашган чет эл делегациялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказади.

Украина президенти амалдорлардан унинг портретини хизмат хоналарига осмасликни сўради, дея хабар қилди Интерфакс.

«Кабинетларингизда менинг тасвирларим бўлмаслигини жуда хоҳлайман, илтимос, менинг портретларим бўлмасин, чунки президент — бут эмас, санам эмас. У ерга фарзандларингизнинг расмларини илиб қўйинг ва ҳар бир қарорни қабул қилишдан олдин уларнинг кўзларига қаранг», — деди Зеленский Олий рада минбаридан украин халқига мурожаат қилар экан.

Владимир Зеленский Украинанинг олтинчи президенти бўлди. у 21 апрель куни бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи турида 73,22 фоиз овоз тўплади ва собиқ президент Пётр Порошенко устидан ғалабага эришди.