2019 йил 18 май куни Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Фармон билан 2019 йил 1 июлдан:

заргарлик бўйича лицензияси бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўзи ишлаб чиқарган заргарлик буюмларининг асиллик даражасини мустақил белгилаш ва уларга асиллик даражаси изларини қўйиш ҳуқуқи берилди;

заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи лицензияга эга якка тартибдаги тадбиркорлар ўз маҳсулотларини мустақил сотиши, аҳолидан қимматбаҳо металлар парчалари, қимматбаҳо тошлар ва буюмларни сотиб олиш ҳуқуқига эга;

давлат улуши бўлмаган ёки давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган тадбиркорлар ишлаб чиқаришда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни сарфлаш, ҳисобини юритиш ва сақлаш тартибини мустақил белгилайди;

жисмоний шахслар қиймати 5 минг доллардан кўп бўлган заргарлик буюмларини декларация тўлдирган ҳолда Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиши мумкин;

заргарлик соҳасидаги тадбиркорлар «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасига ихтиёрий аъзо бўлса, уюшма аъзоларининг имтиёз ва преференциялари уларга ҳам татбиқ этилади.

2019 йил 1 июндан қимматбаҳо металларни сотиб олиш учун берилган банк кредитлари бўйича фоиз харажатлари Тадбиркорлик фаолиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиш орқали заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланади.

Фармон билан, тижорат банклари ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

«Навоий КМК» ДК ва «Олмалиқ КМК» АЖдан қимматбаҳо металларни ўлчов пластиналари кўринишида, 5 грамм ва ундан ортиқ бўлган гранулаларни Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг тонги фиксинги асосида сотиб олиш;

сотиб олинган металларни бошқа заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларига сотиш.