Халқ таълими вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим муассасаларида ўтказиладиган «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари бўйича тавсиялар эълон қилинди.

2018−2019 ўқув йилини якунлаш ҳамда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини юқори савияда ўтказилишини ташкил этиш мақсадида қуйидагиларга амал қилиш тавсия этилади:

— умумий ўрта таълим муассасаларида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини жорий йилнинг 25 май куни эрталабки соат 8:00 да «Менинг мактабим — менинг уйим» шиори остида ташкил этиш;

— тадбирни фақатгина 1- ва 11-синфлар иштирокида 1 соат давомийликда ўтказиш (9-синф ўқувчилари битирувчи ҳисобланмайди);

— «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларининг мактаб ҳовлиси, боғида ёки соя-салқин, очиқ майдонларида ўтказиш ҳамда мактаб ҳудудига техника воситалари ва бегона шахсларнинг киритилмаслигини таъминлаш;

— битирувчи ўқувчиларнинг мактаб формасидан ташқари, турли либослар ҳамда ленталар тақиб олишини олдини олиш;

— тадбирлар ўтказиладиган жойларни талаб даражасида жиҳозлаш, гигиена ва тозалик талабларига мувофиқ шароитлар яратиш, ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш;

— умумий ўрта таълим муассасаларида тадбирларнинг тартибли ўтишини таъминлаш мақсадида жойлардаги маҳалла қўмитаси, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорлик қилиш;

— мактаб раҳбарияти томонидан тадбир иштирокчиларини табриклаш жараёнида мамлакатда сўнгги йилларда эришилган ютуқлар, амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, таълим тизимидаги ислоҳотлар тўғрисида аниқ рақам ва далиллар келтирилган ҳолда маълумот бериш;

— тадбирга фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, касаба уюшмаси, маҳалла ва ҳамкор ташкилотлар, шунингдек, ўрнак бўладиган мактабнинг собиқ битирувчиларини таклиф этган ҳолда улар томонидан битирувчиларга байрам табриги ва тилакларини билдиришларини ташкил этиш;

— тадбирда йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчиларни тақдирлаш ва рағбатлантириш;

— «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли ҳил пул маблағлари йиғилишини қатъиян тақиқланади;

— умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларга битирувчилар томонидан турли қимматбаҳо совғалар тақдим этиш, қўшимча турли тантанали тадбирларни (хонадонлар, ресторан ёки қаҳвахоналар ва ҳ.к.да банкет ёки бошқа маросимлар) ўтказиш ва енгил автомашиналарда сайр ташкил этишга йўл қўйилмайди;

— табдирни ташкил этишда мактабнинг «Кузатув кенгаши» аъзолари фаол иштирок этиши билан бир қаторда юқорида келтириб ўтилган тавсияларга амал қилиниши устидан назорат олиб боради.