«Ўзбекнефтгаз» ва Socar (Озарбайжон) компаниялари Қашқадарё вилоятида нефть қазиб олиш ҳажмини ошириш тўғрисидаги келишувни имзолади, дея хабар қилди «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати.

Келишув Озарбайжон компаниясининг илғор технологияларидан фойдаланган ҳолда Ғарбий Тошли ва Шарқий Тошли, Шимолий Шўртан ва Гармистон конларида углеводород қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича ҳамкорлик шартларини белгилаб беради.

Бундан ташқари, «Ўзбекнефтгаз», Socar ва Британиянинг BP компаниялари Устюрт ҳудудидаги учта инвестицион блокда разведка салоҳиятини баҳолаш бўйича уч томонлама келишув имзолади.

Бир йил давомида компаниялар музокаралар олиб бориб, республика инвестицион блоклари бўйича материалларнинг дастлабки таҳлилларини ўтказди. Келишувнинг тузилишига 2018 йилда ўтказилган Oil&Gas Uzbekistan анжуманида имзоланан ўзаро англашув тўғрисидаги уч томонлама меморандум асос бўлиб хизмат қилди.