Польшанинг «Global business promotion group» компанияси вакиллари Қашқадарё вилоятига икки кунлик ташрифи давомида ваколатли ташкилотлар билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда «Қашқадарё» газетаси сайтида хабар берилди.

Сафарнинг илк кунида меҳмонлар «Нишон кўзгуси» фермер хўжалигига қарашли мажмуада ўз хизматлари кўргазмасини намойиш қилишди. Бундан кўзланган мақсад ички бозорда чорва ва чорвачилик маҳсулотлари, сифатли ветеринария хизмати, чорва озуқасига бўлган талабни ўрганишдан иборат бўлди. Кўргазмага вилоятдаги фермер хўжаликлари раҳбарлари, ветеринария ва чорвачилик соҳаси мутахассислари, чорвачилик билан фаол шуғулланувчи аҳоли вакиллари таклиф этилди. Иштирокчилар бу ерда компания фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Польшадан келтирилган 33 бош Голштин зотли қорамол қатнашчиларни бефарқ қолдирмади.

— Компания делегацияси вилоятимиздаги айни жабҳадаги бозорни юқори баҳолади, — дейди «Ўзбекчорванасл» агентлиги вилоят ҳудудий «Чорванасл» маркази директориШавкат Холмуродов. — Улар билан ҳамкорлик чорвачилик етакчи тармоқ саналган Қашқадарёдек ҳудуд учун жуда муҳим. Чунки бугун Польша бу соҳада катта ютуқларга эришмоқда. Хорижлик сармоядорлар ҳам вилоятимизда бизнес бошлашга иштиёқманд. Суҳбат асносида шу нарса маълум бўлдики, улар йирик истиқболли лойиҳани илгари сурмоқчи. Дастлабки босқичда компания воҳамизга наслли қорамол, ветеринария жиҳозлари етказиб бериш, шу мақсадда бу ерда ўз ваколатхонасини очишни режалаштирган. 2020 йилда эса кўп сонли чорва парвариши, тўйимли ем, биоқўшимчалар ишлаб чиқариш, сут ва гўштни қайта ишлашни йўлга қўйишни ўз ичига олган замонавий кластер барпо этиш таклифи берилган.

Маълум бўлишича, делегация аъзолари воҳа аграр сектори ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўлиш мақсадида Қарши ва Яккабоғ туманларига ҳам борган. Шунингдек, компания вакиллари вилоят ҳокими Зафар Рўзиев қабулида бўлиб, келгусидаги режалари билан ўртоқлашишган.

Айтиш жоиз, Польша компанияси рўёбга чиқармоқчи бўлган лойиҳа қиймати, ташкил этилажак қувватлар кўламига ҳозирча аниқлик киритилмаган.