Ўзбекистон Бош прокуратураси Самарқанд вилоятида беш кишилик оилани қасддан ўлдирганликда гумон қилинаётган тўрт эркак қўлга олинганини маълум қилди. Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, улар ушбу маҳаллада яшовчи ишсиз Ғ.Т. (1981 й.т.), Ж.У. (1993 й.т.), Ш. Э. (1995 й.т.) ва Х.Н.(1996 й.т.) бўлиб чиқди.

Эслатиб ўтамиз, 15 май куни Қўшработ туманида Damas минивэни ичида эркак, аёл ва уларнинг уч фарзандининг жасадлари топилган эди.

Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси шакллантирган тергов-тезкор гуруҳи амалга оширган кенг қамровли тадбирлар натижасида тўрт эркак ноқонуний бойлик орттириш мақсадида 14 майдан 15 майга ўтар кечаси марҳум А.Х.нинг хонадонига яширинча кириб, уларнинг ухлаб ётганлигидан фойдаланиб, ўзлари билан олиб келган темир бўлаклари билан бош, юз ва жағ қисмларига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдирган.

Хонадондан 22 млн. сўм ва марҳум Ж.И.нинг Samsung Galaxy A8 русумли телефонини қўлга киритиб, жиноят изларини яшириш мақсадида марҳум Ж.И.га тегишли автомобилга жасадларни юклаб, автомашинани Қўшработ тумани, «Дўстлик» МФЙ., «Боқичиғатой» қишлоғидаги далага ташлаб кетишган.

Гумон қилинувчиларнинг содир этган жиноятлари уларнинг иқрорлик кўрсатувлари, гумон қилинувчиларнинг кўрсатувларини ҳодиса жойида текшириш тергов ҳаракатлари, ашёвий далил тариқасида олинган жиноят қуроллари бўлган 4 дона темир бўлаклари, марҳум Ж.И.га тегишли бўлган «Samsung Galaxy A8» русумли телефон аппарати, марҳумларга тегишли бўлган пул маблағлари, жиноят содир этиш вақтида гумон қилинувчиларнинг эгнида бўлган жиноят аломатлари мавжуд кийимлари ва бошқа далиллар мажмуи билан тўлиқ тасдиқланмоқда.

19 май куни гумонланувчилар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а», «в», «ж», «и» ,"п" бандлари билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.