Тошкент ИИББ автомобилларнинг ўз-ўзидан ёниб кетиши ва чироқларни ёқиб юриш ўртасида боғлиқлик мавжуд эмаслигини маълум қилди. Ўзбекистон Йўл ҳаракати қоидаларига куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шартлиги киритилганидан сўнг интернетда янги тартиб сабабли автомобилларда ёнғинлар келиб чиқаётгани акс этган фотосуратлар тарқалишни бошлади.

ИИББ матбуот хизмати Ўзбекистон ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси маълумотига таяниб хабар қилишича, 2018 йилда енгил машиналарни ёниб кетиши билан боғлиқ 64 та, жорий йилда эса 11 ҳолат қайд этилгани ҳақида хабар берди. Булардан икки ҳолатда ёниш — ёқилғи тизими ишдан чиққани сабабли юз берган.

Қолган ҳолатларда эса ёнғин қуйидаги русумли автомобилларда электр ўтказиш тизими бузилганлиги боис содир бўлган: ГАЗ-3102, ГАЗ-2401, Daewoo Matiz, ВАЗ-2109, Hyundai Sonata, Ford Sierra, ГАЗ-2420, Chevrolet Epica, Chevrolet Captiva, Chevrolet Damas (ёнғинга ЙТҲ сабаб бўлган), Chevrolet Cobalt — автомобилнинг мотор қисмида содир бўлган борт компьютери ва аккумуляторни улаб турувчи электр ўтказиш тизимадаги қисқа узилиш сабаб бўлган. Автомобиль ёритгичларига зарар етмаган.

17 май куни Фарҳод кўчасида Volvo автомобилининг ёниб кетишига мотор бўлимидаги муаммолар сабаб бўлган. Ҳайдовчи ва гувоҳлар 101 ёки 102 телефон рақамларига қўнғироқ қилмаган. «Агарда ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган фотосуратга диққат билан эътибор қаратилса, чироқларга зарар етмаганини кўриш мумкин», — дея маълум қилди ИИББ.

Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси маълумотларига кўра, ёнғинга сабаб бўлган электр ўтказгичларнинг техник қониқарсиз ҳолатлари кўпинча эски йилларда ишлаб чиқарилган автомобилларда учрайди.

ИИББ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва блогерларни автомобилларнинг ёниш сабаблари тўғрисидаги ўз «мутахассис» хулосалари билан инсонларни адаштирмасликка чақирди.