Жорий йил 18 май, шанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан республика бўйлаб «Ўсмирлар орасида семизликка қарши» тадбири доирасида фаол юриш бўйича оммавий тадбирлар ташкил этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар берди.

Жумладан, ушбу тадбир Тошкентдаги Ботаника боғида ҳам аҳоли иштирокида ўтказилди. Эътиборли жиҳати, мунтазам ўтказилаётган бу каби оммавий тадбирлар аҳолида соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини ошириб, уларни жисмоний фаол бўлишга ундамоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тахминларига кўра, 2030 йилга бориб, дунё аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин. Семизлик нафақат катталар ўртасида, балки болалар ва ўсмирлар орасида ҳам жиддий муаммога айланиб бормоқда. Маълумотларда келтирилишича, 1975 йилдан айни пайтга қадар дунёдаги семиз одамлар сони уч баравар ошган. 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган 340 миллиондан зиёд болалар ва ўсмирлар семизликка дучор бўлишган.

Болалар ва ўсмирлар орасида семизлик ва семиришнинг тарқалиши 1975 йилдаги 4 фоиздан 2016 йилда 18 фоизгача кўтарилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, қизларнинг 18 фоизи ва ўғил болаларнинг 19 фоизи ортиқча вазнга эга.

Жорий йилмай ойи давомида республиканинг барча ҳудудларида соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ҳар ҳафтада сешанба куни — маҳалларда «Саломатлик майдончалари», чоршанба куни — мактаб, коллеж ваолий ўқув юртларида «Биз тамакисиз ҳудуд учун овоз берамиз», пайшанба куни — жамоат жойларида «Саломатлик майдончаси», жума куни — маҳалларда «Соғлом овқатланиш ярмаркаси» каби тадбирлар ташкил этилаяпти.