Ўзбекистон қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Ботир Зокиров «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Янгиликлар 24» дастурида Andijan City ишбилармонлик маркази лойиҳаси тўғрисида сўзлаб берди. Лойиҳа президент Шавкат Мирзиёевга Андижон вилоятига ташрифи вақтида тақдим этилган.Мажмуа Бобуршох, Амир Темур ва Мустақиллик кўчаларидаги эски уйлар ўрнига 70 гектарлик майдонда барпо этилади. «Мазкур сити Бобур ҳайкалидан бошланади», — деди Ботир Зокиров.

Лойиҳа доирасида 16 қаватли беш юлдузли меҳмонхона, конгресс-холл, 24 қаватли офислар биноси, 30 қаватли бизнес маркази, соғломлаштириш ва кўнгил очиш масканлари, ресторанлар, 7, 9 ва 12 қаватли турар жойлар, ер ости ўтиш йўллари, қўғирчоқ театри, 16 қаватли банк биноси барпо этилади. Биринчи босқичда энергия тежовчи материаллардан 12 та тўққиз қаватли монолит уйларни қуриш режалаштирилган. 21 гектарлик майдонга 70 та уй қуриш белгиланган.

«Лойиҳа президент томонидан қабул қилинди. Биз қисқа муддатларда мамлакат раҳбари кўрсатмаларини ўз ичига олган ўз ишчи лойиҳамизни тақдим этишимиз лозим», — деди Ботир Зокиров.

Президентга намунали турар жойлар, жумладан таунхауслар қирраларидан фойдаланилган коттежли аҳоли пунктлари лойиҳаси ҳам тақдим этилган. Мазкур ҳудудда болалар боғчаси, коммунал-маиший хизмат кўрсатиш биноси, спорт қурилмалари ва дам олиш зонаси каби ижтимоий инфратузилмалар ҳам барпо этилади.

Биноларни қуришда 3D ва қайта тикланувчи энергия технологияларидан фойдаланиш кўзда тутилган. Муҳандислик тармоқлари ва яшаш учун шароитларнинг автоном таъминланиши кутилмоқда.

Жумладан, ҳаводан сув олиш қурилмалари, сув сифатини ичиш учун яроқли ҳолга келтириш бўйича сун иншооти, поршенли қурилма, газ генератори ва фотоэлектр станцияси тақдим этилди.