Андижон вилояти Асака тумани ободонлаштириш бўлимининг икки нафар ходими йўл ёқасида ўсимликларни суғориш билан шуғулланаётган вақтда енгил автомобиль уриб кетишини натижасида ҳаётдан кўз юмди, яна бир аёл жароҳатланди. Ҳодиса 16 май куни тахминан 8:00 да Андижон-Шаҳрихон автомобиль йўлининг «Дастурхончи» маҳалласи ҳудудида содир бўлди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, Cobalt ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган. Бир аёл (О.П.) ҳодиса жойида, иккинчиси (Ф.Т.) — шифохонада вафот этган. Учинчиси (З.У.) эса тан жароҳатлари билан Асака туман марказий шифохонасига ётқизилган.

Асака тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Йўл транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган фуқароларнинг меҳнатга жалб қилиниши қонунийлиги ўрганилганда, О.П., З.У. ва Ф.Т. 2018 йилнинг февраль ойидан бери Асака тумани ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасининг тегишли буйруқларига асосан бошқармада ҳақ тўланадиган жамоат ишига ишчилар сифатида қабул қилингани маълум бўлди.

Бош прокуратурадан қайд этилишича, ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Асака тумани ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасининг ишчиларини Асака туманида «Дастурхончи» МФЙ ҳудудидаги транспорт қатнов йўлининг четида суғоришга жалб қилинишида меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этилиши юзасидан вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекциясига хизмат текшируви ўтказиш ҳақида тақдимнома киритилди.

Дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинди. Шунингдек, хабарда кўрсатилган Жалақудуқ тумани ҳудудида тиббиёт ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганлиги ҳақидаги ҳолат ўрганилди. Ўрганиш давомида тиббиёт ходимлари магистрал йўлни тозалашга ва мажбурий меҳнатга жалб этилмаганлиги аниқланди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг март ойида Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида йўл четларини тозалашга олиб чиқилган 23 ёшли ўқитувчи Диана Еникеева юк машинаси ғилдираклари остида вафот этган эди. Ҳайдовчи олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди, туман ҳокимининг ўринбосари ва туман ХТБ бўлим бошлиғи мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани учун икки йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишларига жалб этилди.