15 май куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов АҚШнинг Valmont Industries Inc. компаниясининг Европа ва Евро Осиёдаги ҳудудий вице-президенти Рюдигер Клаасни қабул қилди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га.

10−14 февраль кунлари Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг АҚШнинг Миссисипи штатига ташрифи чоғида делегация аъзолари сафидаги Инновацион ривожланиш ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари Valmont Industries, Inc. компанияси раҳбарлари билан учрашиб, тўғридан-тўғри инвестициялар асосида тажрибада синалган илғор технологияларни қўллаган ҳолда Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалик майдонларида сув ресурсларининг сарфини «ақлли технологиялар назорати» ёрдамида инновацион суғориш тизимларини яратиш ҳақида келишувга эришилган эди.

И,броҳим Абдураҳмонов ва Рюдигер Клаас лойиҳанинг биринчи босқичи — фермерлик хўжалигининг 100 гектарли экин майдонида пилот лойиҳаси амалга ошириш масаласини муҳокама қилдилар. Хусусан, дала майдонларига айланма ёмғирлаб суғориш ускуналарини ўрнатиш зарурлиги ва бу «ақлли қишлоқ хўжалиги» концепциясининг бир қисми бўлиши муҳокама қилинди.

Мазкур пилот лойиҳа учун Тошкент вилоятидан ер майдони ажратиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Суғориш ва сувни тежаш технологиялари бўйича ускуналар ишлаб чиқариш дунёда етакчи компания саналмиш Valmont Industries, Inc. бугунда қўшни Қозоғистонда ўз фаолиятини бошлаб юборган.

«Бугунги кунда Қозоғистонда 300 тадан кўпроқ айланма ёмғирлаб суғориш ускуналарини ўрнатдик, — деди Р. Клаас ўз тажрибаси билан ўртоқлашаркан. — Фермерлар бу ускуналарни давлат томонидан тақдим этиладиган субсидиялар ҳисобига харид қилишмоқда».

Шунингдек, Р. Клаас Небраска университети ҳузуридаги Озиқ-овқат учун сув институти (The Daugherty Water for Food Global Institute) билан ҳамкорликда фермерларнинг малакасини ошириш, уларнинг талаб ва истакларини ўрганган ҳолда кейинги ақлли қишлоқ хўжалиги концепциясини тузиш таклифини берди.