Италиянинг Турин политехника университети ректори Гуидо Саракко бошчилигидаги делегациянинг Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети 10 йиллигига бағишланган тадбирга ташрифи доирасида Тошкентда докторантлар тайёрлаш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг телеграм канали орқали хабар берилди.

Politecnico di Torino ва ТТПУ ўртасида имзоланган халқаро академик ташаббусларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандумига кўра докторлик имтиҳонига номзодлар биргаликда тайёрланади.

Шартномани амалга ошириш учун биргаликда докторлик қўмитаси тузилиб, қўмита докторлик дастурига кирадиган номзодларнинг илмий фаолиятини баҳолайди, таълимнинг уч йиллик даврида уларнинг ўсишини мониторинг ҳамда таҳлил қилади.

Қолаверса, қўмита ҳар йили рўйхатга олинадиган номзодлар сонини белгилайди, шартномани янгилаш бўйича таклифлар беради ҳамда барча докторантларнинг Италия ва Ўзбекистон қонунчилигига риоя қилишларини назорат қилади.