Жиноят ишлари буйича Навоий шаҳар судининг очиқ сайёр суд мажлисида, Кармана туман Халқ таълим бўлими мажлислар залида пора беришга далолат қилган икки нафар аёлга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси Адиз Авезов «Газета.uz"га маълумот берди.

Иш ҳолатларига кўра, С. Имомова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2018 йил 2 апрелдан Кармана тумани, «Арғун» маҳалла фуқаролар йиғинида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис вазифасида ишлаб келган. У Кармана тумани Халқ таълим бўлимига қарашли 7-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Г. Алиева билан жиноий тил бириктиради.

Улар ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан эгаллаш мақсадида А. Бўриевга унинг турмуш ўртоғини Навоий шаҳридаги мактаблардан бирига ишга жойлаштириб бериш эвазига 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни Навоий шаҳар, Халқ таълими бўлимидаги танишларига пора тариқасида бериши кераклигини билдиради.

Гарчи ишга жойлаштиришда ваколатга эга бўлмаса-да, уни алдаб ишончига кириб, 2019 йил 22 январь куни Кармана тумани, «Арғун» МФЙ маъмурий биносида А. Бўриевдан 500 АҚШ долларини олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан ушланган.

Судланувчи С. Имомова ва Г. Алиева дастлабки терговда берган кўрсатувларини тасдиқлаб, суд мажлисида айбларига иқрорлик билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонда эканлиги ҳақида кўрсатув бериб, суддан ўзларига нисбатан енгиллик беришни сўради.

Судда С. Имомова ва Г. Алиева айбларига иқрорлик билдириб кўрсатув берган бўлсаларда, уларнинг айблари судда тўпланган далиллар билан ўз тасдиғини топди.

Суд барча ҳаолатларни синчковлик билан ўрганиб, даллилларга баҳо бериб, С. Имомовани Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «б» банди, 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топиб, унга ЖКнинг 45, 59-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ва 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шунингдек, Г. Алиева эса Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми «б» банди, 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган 2 йил 3 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.