Standard & Poor’s халқаро рейтинг агентлиги Тошкент вилоятига узоқ муддатли «ВВ-» рейтингини берди. Рейтинг бўйича прогноз — барқарор. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

«„Барқарор“ прогнози бизнинг вилоят бюджет чекловларига риоя этган ҳолда кучли молиявий кўрсаткичларни қўллаб-қувватлашини кутаётганимизни акс эттиради, — дейилади хабарда. — Биз, шунингдек, ўрта истиқболда вилоят паст даражадаги қарз юкламасини қўллаб-қувватлаши, бироқ миллий қонунчилик ижозат берса, узоқ муддатли истиқболда унча катта бўлмаган миқдорда тижорий қарзларни жалб қилиши мумкин, дея тахмин қилмоқдамиз».

S&P Ўзбекистон суверен рейтинглари пасайган ва қарзларни бошқариш амалиёти кучсизлиги манзарасида қарзлар зумда тўпланган тақдирда, вилоят рейтингини пасайтириши мумкин.

Агарда Ўзбекистон суверен рейтинглари ошса ёки Тошкент вилояти тааллуқли бўлган институционал ижтимоий молия тизимлари янада олдиндан айта оларли ва қўллаб-қувватлашни таъминловчи бўлса, вилоят рейтинги ҳам кўтарилиши мумкин.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистонда ҳудудий ва маҳаллий ҳокимият органларининг жуда беқарор ва марказлаштирилган институционал тизимга эгалиги боис вилоятнинг кредитларни қайтариш салоҳияти чекланган. Вилоятнинг фаровонлик даражаси паст экани ҳам чекловчи омиллардан биридир.

«Биз Тошкент иқтисодиётини халқаро миқёсда кучсиз баҳолаймиз. Бу — фаровонлик даражасининг пастлиги ҳамда иқтисодиётнинг металлургия ва тоғ-кон соҳасига қаратилгани билан боғлиқ», — дейилади хабарда.

S&P Тошкент вилояти ЯИМ ўсиши Ўзбекистон ЯИМ ўсиши билан мос равишда 2019−2021 йилларда ўртача 5,3 фоизни ташкил этишини кутмоқда.