Ўзбекистонда диний ташкилотларни ташкил этиш учун ташаббускорлар сонининг 100 кишидан 50 кишигача қисқариши, шунингдек, диний таълим муассасаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилишини кўзда тутилмоқда.

Бу ҳақда 2019 йил 14 май куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси"нинг ижросини мониторинг қилиш бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида сўз борди.

Ушбу қонун лойиҳасининг мақсади қонун нормаларини 1966 йил 16 декабрдаги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга мувофиқлаштириш, диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш, давлат рўйхатидан ўтишни рад этишнинг муайян асосларини аниқлаш, ушбу соҳадаги ваколатли давлат органларининг ваколатларини, суд тартибида диний ташкилот фаолиятини тўхтатишни, диний ташкилотларнинг режалаштирилган фаолияти тўғрисида хабардор қилиш тартибини, диний адабиётларни тайёрлаш ва тарқатиш тартибини белгилашдир.

Шунингдек, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб келиш ва тарқатиш соҳасидаги тартибни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг тегишли қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳиднинг Ўзбекистонга ташрифи (2017 йилнинг 2−12 октябр кунлари) якунлари бўйича тавсияларини амалга ошириш, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан 2018 йил 4 майда Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» ҳамда Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» ижросини мониторинг қилиш бўйича ишчи гуруҳ тасдиқланган.

Ишчи гуруҳ раиси — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидовнинг қайд этишича, Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳиднинг тавсияларини бажаришга қаратилган 52 та тадбирни амалга оширишни назарда тутади. 2019 йилнинг январь ойида Ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишида «Йўл харитасининг» 2018 йилга мўлжалланган биринчи йил натижалари сарҳисоб қилинди. 2019 йилга 11 та тадбирни амалга ошириш режалаштирилди. 2019 йилда «Йўл харитаси"да белгиланган тадбирларини амалга ошириш бўйича Ишчи гуруҳнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари А.Тошқулов янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатга олиш, тугатиш тартибини янада мақбуллаштириш ва соддалаштириш бўйича халқаро эксперт тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш уларнинг марказий органлари учун давлат божи беш марта — ЭКОИҲ нинг 100 бараваридан 20 бараваригача ва диний ташкилотларнинг ўзи учун 50 дан 10 гача қисқартирилди. Рўйхатга олувчи органга ҳисобот бериш тартиби ва муддати йилига бир марта ҳисобот тақдим этиш талабларини белгилаш йўли билан соддалаштирилди. Рўйхатдан ўтказувчи органнинг ваколатларидан диний ташкилотларни тугатиш ҳуқуқи чиқариб ташланди, диний ташкилот фаолиятини суд тартибида тўхтатиш белгиланди.