Жорий йилнинг 14 май куни «Ўзбекконцерт» давлат муассасасида «Рэп ва шу каби йўналишларда миллий қадриятлар уйғунлиги» мавзусида ижодий учрашув ўтказилди. Мазкур учрашувда рэп ва шу каби йўналишларни ривожлантириш, бу йўналишларда ижод қилаётган ижодкорлар билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Рэп йўналишида ижод қилаётган кўпчилик ёшларга нисбатан салбий қарашлар мавжудлиги, шу боис бу йўналишда ижод қилаётганлар борасида турли фикрлар юзага келганини инобатга олиб бу йўналишда тарбиявий аҳамиятга эга ижод намуналарини кўпайтириш орқали, унинг фойдали томонларини кўрсатиб бериш, шунингдек, бу соҳада ижод қилаётган аксарият ёшлар фаолиятида талабчанлик ва масъулият, ижтимоий жараёнларга дахлдорлик туйғусини оширишга ҳам учрашувда аҳамият қаратилди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, жорий йилнинг 16−17−18 август кунлари Тошкент шаҳрида рэп ва диджейларнинг халқаро фестивалини ўтказиш белгиланган. Шу боис ушбу учрашув орқали «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси келгусида рэп ижрочиларини саралаш, уларнинг ижодини баҳолаш, мастер-класслар ўтказиш, оригинал қўшиқлар яратишларига кўмаклашиш каби тизимли ишларни ҳам йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан ижтимоий тармоқларда «Рэп йўналиши» бўйича лейбель, телеграмм бот, инстаграм тармоқларида янги рукн очиш ва уларни янгиликлар билан тўлдириб бориш, яхши ижро маҳоратига эга рэп ижодкорларини саралаш ҳамда улар орқали Ватанни улуғловчи қўшиқлар тайёрлаш ва уларга клип суратга олиш, телеканалларда намойиш этиш, концерт дастурларига тавсия этиш каби кўплаб имкониятлар ҳам яратилади. Мазкур давра суҳбатида иштирокчи ижодкорлар билан фикр алмашилиб, рэп йўналишининг истиқболдаги режалари белгилаб олинди.