Ўзбекистон Республикаси президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлигининг телеграмдаги канали орқали хабар берилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилмоқда.

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

тадбиркорлик субъектларини ҳамда хорижий инвесторларни, шу жумладан, видеоконференцалоқа воситасида қабул қилиш, шунингдек, сайёр қабуллар ўтказиш;

тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш;

тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик, шу жумладан, ер участкалари ва бинолар, банк кредитлари ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш ва бошқа масалалардаги тўсиқларни бартараф этиш;

тадбиркорликни ривожлантиришга ва чет эл инвестицияларини жалб этишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни мониторинг қилиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида уларни қабул қилиш, умумлаштириш, мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш учун самарали платформа жорий этилишини назарда тутувчи «business.gov.uz» ягона интерактив портали фаолият кўрсатишини таъминлаш.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги, туманлар ва шаҳарлардаги Қабулхоналарни тегишли давлат хизматлари марказлари биноларида жойлаштириш назарда тутилмоқда.