Oзарбайжоннинг Боку шаҳрида паралимпия дзюдоси бўйича Гран-при туркумига кирувчи турнир якунланди. Дунёнинг 35 давлатидан 212 нафар пара дзюдочи иштирок этган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли қатнашди. Бу ҳақда Olamsport.com хабар берди.

Иккинчи кунги баҳсларда 4 дзюдочи татамига чиққан бўлса, улардан 3 нафари совриндорлар сафидан жой олди. Эркаклар ўртасидаги +100 кг вазн тоифасидаги баҳсларда татамига чиққан Ширин Шарипов барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди.

Аёллар ўртасида -63 кг вазндаги беллашувларда ўз маҳоратини намойиш этган Нафиса Шерипбоева ҳам шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. -70 кг вазн тоифасидаги Васила Алибоева эса бронза медали билан тақдирланди. -100 кг вазнда иштирок этган Лондон-2012 паралимпия ўйинлари кумуш медали совриндори Шариф Ҳалилов илк учрашувдаёқ озарбайжонлик Канан Абдуллаханлига ютқазиб қўйди.

Шу тариқа, 4 та олтин, 4 та бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси 35 давлат орасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Мезбонлар Озарбайжон терма жамоаси 3 та олтин, 4 та кумуш, 4 та бронза медали билан иккинчи ўринни банд этишди. Кучли учликка 1 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан Украина дзюдочилари якун ясашди.

Ўзбекистонлик дзюдочиларнинг сўнгги кун натижалари:

+100 кг вазн тоифаси

1. Ширин Шарипов (Ўзбекистон)

2. Муҳаммадризо Хейроллаҳзода (Эрон)

3. Реваз Чикоидзе (Грузия)

3. Кенто Масаки (Япония)

-63 кг вазн тоифаси

1. Нафиса Шерипбоева (Ўзбекистон)

2. Ольга Позднишева (Россия)

3. Ханим Хусейнова (Озарбайжон)

3. Ю Е Ванг (Хитой)

-70 кг вазн тоифаси

1. Фабиола Рувалкаба Альварес (Мексика)

2. Алана Мартинс (Бразилия)

3. Васила Алибоева (Ўзбекистон)

3. Ольга Забродская (Россия)