Адлия вазирлиги томонидан дафн этиш жойлари (қабристонлар)ни ташкил этиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди.

Жумладан, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жами 10.457 та қабристонлар фаолият юритмоқда.

Ўтказилган таҳлиллар натижаси қабристонлардан фойдаланиш, уларни сақлаш ва ободонлаштириш бўйича қуйидаги тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, қабристонларнинг 2.248 таси экологик, санитария, шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига жавоб бермайди.

Масалан, аксарият қабристонлар ҳудудида қуруқ ўт, барг, шох-шаббалар ёқиш, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва ўстириш, уй ҳайвонларини боқиш ва бошқа шу каби санитария қоидаларига зид ҳолатлар мавжудлигини кўришимиз мумкин. Қабристонлар учун ажратилган ер участкаси майдони амалдаги меъёрларга жавоб бермайди, уларда ҳожатхоналар ва чиқиндилар учун махсус қутилар ташкил этилмаган.

Республика бўйича жами 1.588 та қабристонларнинг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас. Натижада, қабристонларнинг санитария муҳофаза зоналарида ноқонуний равишда турар ва нотурар жой объектлари қурилган.

Кўплаб қабристонлар муҳандислик-коммуникация (электр, йўл ва бошқалар) тармоқларига уланмаган. Масалан, Самарқанддаги 1.307 та ҳамда Қорақалпоғистондаги 233 та қабристонлар электр билан таъминланмаган.

Шунингдек, жами 3.840 та қабристонларда йўл ва тротуарлар асфальт-бетон билан қопланмаган (тупроқ йўллардан иборат) бўлиб, мазкур ҳолат ёғингарчилик пайтида аҳолига ноқулайликлар туғдирмоқда.

Қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилганлигига қарамасдан 2.655 та қабристонларда маъмурий бинолар мавжуд эмас. Бунинг натижасида, қабристон ходимларининг хизмат вазифаларини бажаришларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Қонунчиликда маросим хизматлари бўйича тарифлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланиши кўрсатилган. Бироқ, ҳудудларда маросим хизматларини белгилаш бўйича ягона амалиёт мавжуд эмас. Натижада, маросим хизматлари бўйича тарифларни белгилашда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Масалан, Жиззах, Самарқанд вилоят ҳокимликлари томонидан пулли хизмат кўрсатиш бўйича тарифлар тасдиқланмаган.

Жумладан, Самарқанд вилоятида қонун ҳужжатларига зид равишда Самарқанд туман ҳокимининг ўринбосари ва Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи томонидан 2016 йил январь ойида дафн маросимлари ўтказганлик учун калькуляция тасдиқланган.

Бундан ташқари, Наманган вилоятида туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан мазкур тарифлар турли йилларда ва ҳар хил миқдорларда белгиланган.

Мазкур ҳолатлар дафн маросимларини кўрсатганлик учун фуқаролардан асоссиз равишда ортиқча пул маблағларини ундирилишига олиб келган.

Жами қабристонларнинг 1.807 тасида хайр-эҳсонларни йиғиш, ҳисобга олиш ва улардан мақсадли фойдаланиш тартибларига риоя қилинмаган.

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, Хўжайли, Шўманой, Қораўзак туманлари, Тошкент вилояти Чирчиқ, Олмалиқ шаҳарлари, Янгийўл туманида Ободонлаштириш бошқармалари томонидан хайр-эҳсонларнинг келиб тушиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши тўғрисида тегишли молия органларига ҳисоботлар тақдим этилмаган.

Юқорида қайд этилган муаммолар эҳсон қутиларига тегишли пул маблағлари келиб тушмаслиги ҳамда келиб тушаётган маблағларнинг ҳисоби юритилмаслиги каби салбий ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Бунинг натижасида, қабристонлар ҳудудини сақлаш ва ободонлаштириш учун етарли хайр-эҳсон маблағлари шаклланмай қолишига олиб келмоқда.

Қабристонларда хайр-эҳсонларни амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича комиссиялар фаолияти талаб даражасида эмас. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир, Тўрткўл туманлари, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар, Термиз, Музработ, Шеробод туманлари, Тошкент вилояти Чирчиқ ва Олмалиқ шаҳарларида комиссиялар ташкил этилмаган.

Қайд этиш жоизки, республика бўйича 4.912 та қабристонларга уларни сақлаш ва ободонлаштириш ишлари учун маҳаллий бюджет ҳисобидан зарур маблағлар ажратилмай келинмоқда.

Бунинг оқибатида, мазкур қабристонлар (Тошкент шаҳридан ташқари) экологик, санитария, шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ жиҳозланмаган ҳамда қаровсиз ҳолга келиб қолган.

Масалан, Андижон вилояти Шаҳрихон туман ҳокимининг 2018 йил 26 мартдаги 653-Қ-сон «Қабристон қурилиши учун қўшимча ер майдони ажратиб бериш тўғрисида"ги қарори билан туман заҳира фондидаги ер майдонидан Қумқайроқ МФЙ фуқаролари учун 1 га ер майдони ажратилган бўлсада, ушбу қабристонга шу кунга қадар бюджет маблағлари ажратилмаганлиги сабабли, иш фаолиятини бошламаган. Бу эса, мазкур ҳудуд аҳолиси учун ноқулайликлар туғдириб келмоқда.

Бундан ташқари, қабристонларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва маросим хизматларини кўрсатиш бўйича қоровул, дафн маросими хизматлари ишчиси, тозаловчи ва назоратчи каби ходимларга эхтиёж мавжуд.

Юқорида қайд этилган тизимли камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳудудий адлия органлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ободонлаштириш бошқармаларига қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилмаслиги тўғрисида 120 та тақдимнома, 24 та огоҳнома, шунингдек қонунбузарликка йўл қўйган мансабдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш тўғрисида 299 та маъмурий таклифлар киритилди.

Шу билан бирга, Адлия вазирлиги томонидан қабристонларни ободонлаштириш ва сақлаш ишларини янада такомиллаштириш, қабристонларда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:

— қабристонларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштирилишни таъминлаш бўйича чоралар кўриш;

— қабристонлар ҳудудида санитария-ҳимоялаш зоналарини ташкил этиш;

— қабристонларни сақлаш ва ободонлаштириш ишларига давлат-хусусий шериклик механизмларини (аутсорсинг) жорий қилиш;

— Тошкент шаҳридаги қабристонларга қўшимча ер участкаларини ажратишни таъминлаш чораларини кўриш;

— барча қабристонларга маҳаллий бюджет маблағлари ажратилишини таъминлаш.