13 май куни Mastercard халқаро тўлов тизими ва Миллий банклараро процессинг маркази (МБПМ) ўртасида мақсадлар тўғрисидаги меморандум имзоланди, дея хабар қилди МБПМ матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Ҳужжат нақд пулсиз тўловларни ривожлантиришга қаратилган иккита асосий ҳамкорлик йўналишини кўзда тутади. Биринчиси — Humo карталарини Mastercard халқаро тармоғида тўловлар учун қабул қилишни қўллаб-қувватлаш — Humo International карталарини ишлаб чиқариш. Меморандум имзоланиши натижасида Humo International карталарида бутун дунёдаги 70 миллиондан ортиқ савдо шохобчаларида тўловларни амалга ошириш мумкин бўлади.

МБПМ директори Шуҳрат Қурбоновнинг сўзларига кўра, Humo International карталари эгалари, масалан меҳмонхоналарда хоналарни банд қилиш, интернет орқали чипталар сотиб олиш ва бошқа онлайн транзакцияларни амалга оширишлари мумкин бўлади. Humo International карталаридан нафақат хорижда, балки Ўзбекистон ҳудудида ҳам фойдаланиш мумкин.

Иккинчи йўналиш — жамоат транспортида нақд пулсиз тўловларни жорий этиш. МБПМ ва Mastercard Тошкент метрополитенида метрода йўл кира тўловини амалга оширишда Humo Mastercard тўлов карталарини қабул қилиш бўйича қўшма синов лойиҳасини ишга туширишга келишди.

«Тизим алоқасиз тўлов технологияси билан биргаликда, тўловлар ва сафарлар бўйича тўлиқ ахборот олиш имконини ҳам тақдим этади. Бу, ўз навбатида, самарали бошқарувни амалга ошириш ҳамда метрополитен фойдаланувчилари учун қўшимча қулайликларни яратишга имкон беради», — деди Шуҳрат Қурбонов.

«Жамоат транспортида тўловларни тез, содда ва хавфсиз амалга ошириш имконияти замонавий мегаполислар аҳолиси учун зарур ва умид қиламизки, Тошкентдаги лойиҳамиз шаҳар аҳолиси ва меҳмонларини кўпроқ нақд пулсиз тўловдан фойдаланишга руҳлантиради», — дея қўшимча қилди Mastercardнинг Грузия ва Марказий Осиёдаги бош директори Игорь Степанов.