14 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатда ўз дипломатик миссиясини якунлаётган Корея Республикаси фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён Уни қабул қилди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Икки томон кун тартиби борасида фикр алмашиш чоғида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг жадал ривожланаётгани қайд этилди.

2017 йилнинг ноябрь ойида Сеул шаҳрида ва 2019 йилнинг апрель ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган олий даражали Ўзбекистон — Жанубий Корея учрашувларининг муваффақиятли якунлари томонларни қизиқтирган барча йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш имконини бергани таъкидланди. Хусусан, 2018 йилда ўзаро савдо айланмаси 50 фоиздан ортиққа ўсиб, 2 млрд АҚШ долларидан ошди.

Учрашувда Корея Республикаси — Марказий Осиё шаклидаги ҳамкорликнинг самарали аҳамияти ҳам эътироф этилди.

Вазир элчининг мамлакатдаги уч йиллик фаолиятини ҳамда ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссасини юқори баҳолади.