15−19 май кунлари Буюк Британиянинг Манчестер шаҳрида таэквондо бўйича катталар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Мусобақага Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам пухта тайёргарлик кўрди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Куни кеча Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон таэквондо ассоциациясида мусобақада иштирок этувчи спортчи ва мураббийлар билан учрашув ўтказди.

Унда Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси раҳбарияти, спортчилар ва мураббийлар, Ўзбекистон МОҚ мутасаддилари иштирок этди.

«Таэквондочиларимиз доимо юқори натижаларни қайд этиб келишган. Ишонамизки, сизлар ҳам бўлажак дунё биринчилигида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оласизлар. Бунинг учун Миллий олимпия қўмитаси томонидан қандай ёрдам керак бўлса, биз сизларга яратиб берамиз.

Шунингдек, мусобақада совриндор бўлган спортчиларга МОҚ алоҳида пул мукофотини ваъда қилади. Олтин медаль эгасига 30 минг, кумуш медаль соҳибига 20 минг ва учинчи ўрин эгасига 10 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади. Сизларни қўллаб-қувватлаш учун биз ҳам Манчестерга борамиз. Насиб қилса, биргаликда ёруғ юз билан қайтамиз", — деди Умид Аҳмаджонов.