Давлат статистика қўмитаси турли вақтларда эълон қилинган 2017 йил учун ЯИМ кўрсаткичи бўйича тафовутлар бўйича изоҳ берди. Аввалроқ Spot.uz сайтида Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази эксперти Юрий Наумовнинг «Давлат статистика қўмитасининг Ўзбекистон ЯИМ кўрсаткичи тўғрисидаги ҳисоботида нима нотўғри?» номли мақоласи эълон қилинган эди.

Қўмитанинг қайд этишича, мамлакатда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, шунингдек, статистика ахборотларининг ҳаққонийлиги ва шаффофлигини таъминлаш тўғрисидаги мамлакат президентининг бир қатор қарорлари натижасида ЯИМ ва унинг таркибига кирувчи тармоқлар даражасини холисона баҳолаш имконини берувчи статистика услубиётини такомиллаштириш, ҳисобот маълумотларининг тўлиқлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда Давлат статистика қўмитаси томонидан доимий равишда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) каби халқаро ташкилотларнинг миллий ҳисоблар статистикаси бўйича экспертлари жалб этилмоқда ҳамда улар иштирокида халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда статистик ёндашувларни қайта кўриб чиқиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, статистика услубиётини такомиллаштириш жараёнида Жаҳон банки, БМТ Европа иқтисодий комиссияси, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси, БМТ Халқаро фавқулотда болалар жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ва техник кўмагидан кенг фойдаланилмоқда.

«2017 йил учун ЯИМ кўрсаткичи бўйича тафовутлар тармоқлар статистикаси маълумотларини қайта ҳисоблаб чиқиш натижалари билан боғлиқ», — дейилади хабарда.

Давлат статистика қўмитасининг 2018 йил январ ойида эълон қилинган дастлабки баҳолашларига кўра, Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 249,1 трлн сўмни ташкил этди. Кейинчалик, 2018 йилнинг май ойида Давлат статистика қўмитаси ЯИМ ҳажмига дастлабки аниқликларни киритди ва унга кўра ЯИМ ҳажми 254 трлн сўмни ташкил этди. Ушбу маълумотлар Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтида, шунингдек, ХВЖнинг кенгайтирилган Маълумотларни тарқатишнинг умумий тизими (к-МТУТ) доирасида Ўзбекистоннинг йиғма маълумотлар миллий саҳифасида (р-ОСРД) жойлаштирилди.

2019 йил январь ойида Давлат статистика қўмитаси томонидан 2017 йил учун ЯИМ кўрсаткичи кенг миқёсда қайта кўриб чиқилди ва бу асосан қишлоқ хўжалиги тармоғи маълумотларидаги ўзгаришлар натижасида келиб чиқди. Бу ўзгаришлар, бир неча йиллар давомида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ҳажмини ҳисоблашда бозор нархларига нисбатан сезиларли даражада паст бўлган нархлардан фойдаланилганлиги билан изоҳланади.

Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг барча турлари бўйича ўртача йиллик нархлар қайта кўриб чиқилиб, бозор нархларига ўтказилди. Бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш миқдори, яъни натура кўринишидаги ҳажмлари ўзгармади. Масалан, 2017 йил учун қайта баҳолашга қадар 1 кг доннинг ўртача йиллик нархи 648 сўмни ташкил қилган бўлса, қайта баҳолашдан кейин 1686 сўмни, сабзавотлар қайта баҳолашга қадар — 895 сўмни, қайта баҳолашдан кейин — 2547 сўмни, полиз экинлари қайта баҳолашга қадар — 865 сўмни, қайта баҳолашдан кейин — 1128 сўмни, тирик вазндаги мол гўшти қайта баҳолашга қадар — 5986 сўмни, қайта баҳолашдан кейин — 17470 сўмни; сут қайта баҳолашга қадар — 577 сўмни, қайта баҳолашдан кейин — 1678 сўмни ташкил этди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўртача йиллик нархлари қайта ҳисоблаб чиқилганидан сўнг ушбу тармоқнинг ялпи қўшилган қиймати ҳажми 43,1 трлн сўмдан 91 трлн сўмга ва мос равишда, ЯИМ ҳажми 254 трлн сўмдан 302,5 трлн сўмга ошди (+47,9 трлн сўм қишлоқ хўжалиги ҳисобига, +0,6 трлн сўм бошқа тармоқларга киритилган аниқликлар ҳисобига).

Шу билан бирга, қайта ҳисоблаш натижасида ЯИМнинг ўсиш суръатлари 5,2 фоиздан 4,5 фоизгача пасайди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг ЯИМ тармоқлари бўйича таркибидаги улуши 19,7 фоиздан 34,0 фоизгача ўсди, саноатнинг улуши 27,2 фоиздан 22,2 фоизгача, қурилишнинг улуши 6,9 фоиздан 5,7 фоизгача, хизматлар соҳасининг улуши 46,2 фоиздан 38,1 фоизгача камайди.