2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади, дея хабар қилди Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали. Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарорида бу ҳақда сўз боради.

Қарорга мувофиқ 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари июль-август ойларида ўтказилади.

Абитуриентнинг тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.